Skip to main content
Yangiliklar

Альпинистимиз давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди

By 10.06.2021No Comments

1 июнь куни Эверест чўққисига кўтарилган ҳамюртимиз Сергей Денисенко пойтахтимизга қайтиб келгач ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Бугун унинг ушбу муваффақияти шарафига катта тадбир бўлиб ўтди.

Альпинистимизни қутлаш учун ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов, шунингдек, кенг спорт жамоатчилиги ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Маросимда сўзга чиққан расмийлар ҳукуматимиз томонидан оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Альпинистимизнинг юртимиз довруғини янада танитгани учун Абдужаббор Абдувоҳидов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонини, Шерзод Асадов эса Президент совғаси – “Тrailblazer” автомашинаси ва унинг калитини Сергей Денисенкога топширишди. Ўз навбатида альпинистимиз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Альпинизмга қизиқишим она ватанимизнинг бой табиати, ундаги баланд тоғларнинг виқорлари сабабдир. Чўққини забт этиш учун 1.5 йил тайёрландим. Ушбу муваффақиятимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси ва Ўзбекистон халқига бағишлайман. Президентимиз томонидан кўрсатилган бундай эътибордан мамнунман”, – деди қаҳрамонимиз.

Туризм ва спорт вазирлигига йиғилган мутасаддилар ҳамюртимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, унинг келажакдаги фаолиятида янада улкан зафарлар тилаб қолишди.