Skip to main content
Yangiliklar

Уч хил қўшимча биологик озуқани ўзимизда ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

By 19.02.2021No Comments

Бугун пойтахтимиздаги Ўсимлик моддалари кимёси институтида “Спорт натижаларини яхшилашга хизмат қилувчи дори воситалари ва биологик фаол моддалар яратиш ва ишлаб чиқариш” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Спорт ва тиббиёт соҳасининг кўзга кўринган вакиллари қатнашган йиғилишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Тошматов, Фанлар академияси вице-президенти Б.Ибрагимов, РСТИАМ директори А.Садиков, Миллий антидопинг агентлиги директори Н.Турсунов ҳамда институт профессорлари иштирок этишди.

Суҳбат давомида спорт фаолиятида кенг қўлланиладиган, аммо республикамизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмаган дори воситалари бўйича мавжуд ишланмалар ҳолати, яратилиш босқичлари ва ишлаб чиқариш муддатлари бўйича режалар кўриб чиқилди. Лойиҳалар сифатида антигипоксант “Катацин”, антигипоксант ва антиоксидант “Ангерон” ва адаптоген “Адаптен” дори воситалари таклифи кўриб чиқилди ҳамда уларни спортда тақиқланган моддалар кесимида ўрганиш билан бирга сарф-харажатлари ҳажми бўйича аниқ таклиф ишлаб чиқишга келишилди.

Спорт амалиётида кенг қўлланиладиган хорижий озуқавий қўшимчалар бўйича ҳам таҳлилий маълумотлар айтиб ўтилди. Йиғилиш якунига кўра барча қилиниши лозим бўлган вазифалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишига келишилди. Шунингдек, тадбир давомида ўсимликлар кимёси институти лабораторияси, ядро-магнит резонанси спектрометри ишлаш тартиби ҳам ўрганиб чиқилди.