Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбек футболининг фахри Ахбор ота Имомхўжаев 85 ёшда!

By 19.02.2021No Comments

Бугун ўзбек спорти, хусусан, журналистикасида ўз ўрнига эга бўлган инсон Ахбор ота Имомхўжаев 85 ёшни қарши олмоқда.

Ахбор Рустамович Имомхўжаев 1936 йил 19 февраль куни Тошкентда таваллуд топган. Умрини ўзбек спортига бахшида қилган ушбу инсон замонавий ўзбек спорт журналистикасининг асосчиларидан биридир.

Футбол фахрийси. Бутун умри давомида оммавий спорт тарғиботи билан машғул бўлган. Футбол соҳасида кўплаб китоблар муаллифи. Фаолияти давомида футбол учрашувларида ҳакамлик қилиб, Республика тоифасидаги ҳакам даражасигача етиб борган. 10 йил давомида Ўзбекистоннинг энг яхши ҳакамлари қаторида бўлган. “Пахтакор” футбол клубида жамоа бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида спорт таҳририяти шарҳловчиси, бўлим мудири ва бош муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатган. Унинг қаламига мансуб “Футбол – қувончим, дардим, фахрим”, “Мафтунингман, футбол” ва “Ўзбегимнинг Миржалоли”, ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб “Аср футболидаги асл қадрдонларим” каби китоблари футбол мухлисларида катта қизиқиш билан кутиб олинган ва ҳозиргача севиб мутолаа қилинади. Ахбор ота ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» фахрий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, Турон фанлар академиясининг академиги ва Ўзбекистон журналистларининг “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори ҳисобланади.

Бугун ушбу инсонни қутлуғ ёш билан қутлаш учун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Тўлаган Исоқов Ахбор Рустамовичнинг хонадонига ташриф буюришди.

Бутун Ўзбекистон Сизнинг шарҳларингиз орқали футболга қизиққан. Таъбир жоиз бўлса, Сизнинг ширали овозингиз билан юртимизда спорт мухлислари кўпайиб борган. Фурсатдан фойдаланиб, бугунги қутлуғ айёмингиз билан Сизни МОҚ ва Олимпия ҳаракати аъзолари номидан самимий муборакбод этамиз. Илоҳим, фарзандларингиз роҳатини кўриб юринг”, – деди МОҚ раиси.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ахбор ота Имомхўжаевни таваллуд айёми билан самимий табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.