Skip to main content
Yangiliklar

Олимпиада совриндорлари курашаётган Самбо бўйича мамлакат чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

By 19.02.2021No Comments

Бугун пойтахтимизда Олимпия оиласига кириб келаётган самбо спорт тури бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди. Эрталабдан мусобақанинг саралаш беллашувлари ўтказилаётган бўлса, бироз аввал «Универсал» спорт саройида мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Осиё самбо уюшмаси раиси Аламжон Муллаев ва бошқалар иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққан МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов барча иштирокчиларга омад тилади.

«Бугун катта спорт байрами. Сизларни кўриб ҳавасимиз келмоқда. Спорт анъаналари давом этаётгани бизни хурсанд қилади. Самбо жасур йигит-қизларимизнинг спорти ҳисобланади. Ушбу спорт тури катта мактаб, катта тарихга эга. Мусобақада иштирок этувчи барчага омад тилайман», – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Тадбирда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ҳам юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, самбонинг ривожланиб бораётгани, ушбу мусобақа янгидан-янги номларни кашф этиши ҳақида гапирди.

Иштирокчиларнинг тантанали парадидан кейин эстрада хонандаларининг чиқиши, йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирнинг бадиий қисмидан сўнг Ўзбекистон чемпионатининг биринчи кунги финал беллашувлари бошланди. Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақада дзюдо бўйича Пекин-2008 Олимпия ўйинлари совриндори Абдулла Тангриев, Олимпиада иштиркочиси Дилшод Чориев каби номдор полвонлар ҳам баҳс олиб боришмоқда. Мусобақа натижалари билан келгуси янгиликларимизда таништириб ўтамиз.