Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раиси Туркияга йўл олаётган велоспорт ва эркин кураш бўйича терма жамоаларимиз билан учрашди

By 13.01.2021No Comments

Эпидемиологик вазият барқарорлашган мамлакатлар билан авиақатновлар йўлга қўйилиши баробарида халқаро тадбирлар ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Туркияда бир қатор спорт тадбирлари ташкил қилинаётган боис кўплаб терма жамоалар ушбу мамлакатга ташриф буюрмоқда. Эртага тунда велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси, яна бир неча кундан сўнг эркин курашчиларимиз ҳам Туркияга йўл олишади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси вакиллари, спортчи ва мураббийларни бўлажак сафар олдидан қабул қилди. Учрашувда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков ҳам қатнашди.

Дастлабки учрашув велоспортчиларимиз билан бўлди. Унда федерация бош котиби Козим Ўринбойхўжаев ва унинг маслаҳатчиси Фарруҳ Худойқулов, Токио-2020 лицензиати Муроджон Холмуродов ва жамоа катта мураббийи Руслан Каримов иштирок этди. Суҳбатда Муроджон Холмуродов ҳамда Ольга Забелинскаянинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлиги, шунингдек, ушбу спорт турида профессионал жамоа тузиш мавзуси кун тартибидаги асосий масалалар бўлди. Федерация мутасаддиларининг маълум қилишича, ҳозирда профессионал жамоа Халқаро велосипедчилар иттифоқидан рўйхатдан ўтган. Ана энди ушбу жамоани молиялаштириш ва таркибни кучли спортчилар билан тўлдириш устида иш олиб борилмоқда. Велоспортчиларимиз қарийб 2 ой давомида Туркияда бўлишади ва унда 10 га яқин халқаро мусобақалар, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинида иштирок этишлари режалаштирилган.

“Ҳукуматимиз томонидан Токио Олимпиадасигача бўлган давр учун кўзда тутилган сарф-харажатлар тўлиқ молиялаштирилди. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз. Биз эса бунга ўз ғалабаларимиз билан жавоб беришимиз лозим. Шунингдек, спортимизни янада ривожлантириш борасида қандай таклифлар бўлса, биз уни кўриб чиқишга доимо тайёрмиз ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Эркин курашчиларимиз доимо Олимпия ўйинларида ўз ғалабалари билан хушнуд қилиб келишган. Бироқ жамоамиз вакиллари ҳозирча Токио Олимпиадасига йўлланма қўлга киритишмаган. Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев, спортчи ва мураббийлар билан кечган суҳбатда курашчиларимизни Осиё ҳамда жаҳон миқёсида бўлиб ўтадиган лицензион мусобақаларга муносиб тайёрлаш ва улар орқали Олимпиадага тўлиқ таркибда йўлланма олиш, шунингдек, Олимпия ўйинлари совриндорлари қаторидан жой олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Туркия йиғини эркин курашчиларимиз учун апрель ойида Қозоғистонда ўтиши режалаштирилган Осиё квалификацион мусобақаси учун тайёргарликнинг асосий босқичи вазифасини ўтаб беради.

Тадбир давомида спортчи ва мураббийларимиз карантин чекловлари кучайтирилган даврда ҳукуматимизнинг уларни қўллаб-қувватлаб тургани учун ўз ташаккурларини изҳор қилиб қолишди.