Skip to main content
Yangiliklar

Самарқанд вилояти ҳудудларда жисмоний тарбия ва спорт янада оммалаштирилади

By 13.01.2021No Comments

Бугун Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими А.Муртазоев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов, Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев, шунингдек вилоятдаги спорт таълим муассасалари вакиллари ҳамда педагог-ўқитувчилар иштирок этишди.

Йиғилишда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этиш бўйича соҳа раҳбарлари ҳамда мутахассисларнинг билим ва малака кўникмасини такомиллаштириш, ҳудудларда соҳани янада ривожлантириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Жумладан, вилоятда “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони доирасида, ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари” ташкил этиш, бунда, пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3-5 километрни ташкил қилиши ҳамда ушбу йўлаклар аҳоли гавжум ҳудудларга барпо этилишини қаттиқ назорат олиш кераклиги, шунингдек, Фармонга мувофиқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, бунинг учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг аниқ ва мақсадли сарфланишига жиддий эътибор қаратиш кераклиги маълум қилинди.

Бу борада илғор намуналарни ўрганиш, чекка ҳудудларда ҳам жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали мунтазам спорт билан шуғулланаётган аҳоли сонини босқичма-босқич ошириб бориш, қолаверса ёш ва истеъдодли спортчиларга ўз иқтидорини намоён этишларига имкон яратилиши таъкидланди.

Таъкидлаш керак, бутун республикамиз бўйлаб “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилаётган оммавий спорт фестивали доирасида Самарқанд вилоятининг барча маҳаллаларида, чекка ҳудудларида ҳам шахмат-шашка мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати