Skip to main content
Yangiliklar

Азиз Абдуҳакимов: «Аҳолининг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак»

By 24.10.2020No Comments

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳридаги велойўлакчалар ҳамда аҳолининг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида қилинаётган эзгу ишлардан бири – шаҳар кўчаларида пиёда юриш ҳамда велосипедда ҳаракатланиш учун махсус йўлакчаларнинг яратилаётганлигидир. Бу жиҳатга айни пайтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган Президент қарори лойиҳасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бош вазирнинг ўринбосари А.Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ таркибидан Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов ҳамда бошқа мутасаддилар ўрин олган.

22 октябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ҳамда Сергели туманларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида мутасаддилар велосипедда Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечиришган эди.

Кеча ҳам ушбу ўрганишнинг мантиқий давоми сифатида ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманига ташриф буюриб, велосипедда туманда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Ишчи гуруҳ вакиллари Юнусобод туманидаги маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг велойўлакчалардан фойдаланиши ва хавфсиз ҳаракатланиши учун яратилаётган шароитларни кўздан кечиришди. Туманда ушбу йўналишда мавжуд камчиликларни ўрганиб, уларни тезкор бартараф этишга оид чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

Бош вазирнинг ўринбосари А.Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, бу каби ўрганишлар бутун шаҳар бўйлаб давом эттирилади. Мақсад аниқ, аҳолининг оммавий спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати