Skip to main content
Yangiliklar

Олимпиячилар парадининг тарихини биласизми?

By 24.10.2020No Comments

Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўз мамлакатлари байроқдорлари ортидан шахдам қадам ташлаётган спортчиларнинг паради билан бошланиши ҳаммага маълум. Аммо бу маросим қандай пайдо бўлган?

Олимпия ҳаракатининг машҳур тарихчиси Карл Леннарцнинг тасдиқлашича, 1896 йилда Афинадаги, 1900 йилда Париждаги ва 1904 йилда Сент-Луисдаги Олимпия ўйинларида спортчиларнинг паради умуман ўтказилмаган, чунки уларда тантанали очилиш маросими ҳам бўлмаган.

Тарих дарсликларида ўз мамлакатлари байроқдорлари ортидан шахдам қадам ташлаётган спортчиларнинг паради 1908 йилда Лондондаги Олимпия ўйинларида ўтказилгани ёзилган бўлса ҳам Карл Леннарц бундай “очилиш маросими” ва парад Афинада биринчи замонавий Олимпия ўйинларининг ўн йиллигига бағишланган мусобақада бўлиб ўтганлигини таъкидлайди.

Бу “оралиқ ўйинлар” Олимпиадалар солномасида ҳеч вақт расмий деб ҳисобланмаган. Аммо далиллар шундан далолат берадики, 1906 йил 22 апрелда Панафина стадионида Германия делегациясидан бошлаб мамлакатлар спортчилари сафларининг ҳар қаторида тўрттадан бўлиб ўз байроқдорларининг ортидан одимлаганлар. Манбаларга кўра, ушбу халқаро мусобақалар парадида барча қитъалардан жами 15 тадан 20 тагача делегация қатнашган. Греция спортчилари мусобақалар мезбони сифатида парад охирида ўтишган. Мезбонларнинг сўнгги бўлиб чиқиш анъанаси ҳозиргача давом этмоқда.

Олимпия спортчиларининг биринчи расмий паради 1908 йил 13 июлда Уайт-Сити стадионида Лондон Олимпиадасида бўлиб ўтган. Ўшанда параддан 22 мамлакат делегацияси алфавит тартибида ўтган.

Спортчиларнинг парадлари ҳам ўзгариб бораётган дунёни, ҳам Олимпия ҳаракатининг ўсишини акс эттиради. Тантанали очилиш маросимида иштирок этаётган Миллий олимпия қўмиталарининг делегацияси 1908 йилдаги 18 тадан 2016 йилда Рио-де Жанейрода 205 тага етди.

olympic.uz