Skip to main content
Yangiliklar

Янгиобод базасидаги йиғин якунига етди.

By 13.08.2019February 20th, 2020No Comments

Таэквондо бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган Янгиобод базасида ўқув-машғулот йиғинида иштирок этишаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мураббийлар Александр Ким ва Максим Рафалович бошчилигидаги 8 нафар таэквондочимиз 29 июлдан 13 августга қадар Янгиобод базасида машғулот ўтказишди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу базада ўзбек бокс юлдузлари Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов ва Маҳмуд Ғоипов таэквондочилар билан ёнма-ён машғулот ўтказишди. Боксчилар мураббийлар Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиоҳунов қўл остида ишлашди.

Ушбу йиғинда иштирок этган таэквондочилар рўйхати: Никита Рафалович, Улуғбек Рашитов, Жасур Жайсунов, Шухрат Салаев,
Ниёз Пўлатов, Шоҳруҳ Ражабов, Чарос Қаюмова, Мадинабону Маннопова, Нигора Турсунқулова, Шаҳбоз Тусматов, Фируза Содиқова, Светлана Осипова.

Мураббийлар: Александр Ким, Максим Рафалович.

“Бу ўқув-машғулот йиғинида асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилди. Тоза ҳавода машғулот олиб бордик. Бир кун ўзимиз шуғуллансак, эртасига боксчилар билан бирга машғулот ўтказдик. Тўғриси машғулотлар жуда ҳам қизиқарли ўтди. Кўпроқ чидамлиликни оширишга йўналтирилган машқларни бажардик. Қисқа қилиб айтганда бу йиғин барчамизга фойдали бўлди”, – дейди 2018 йилги Осиё ўйинлари кумуш медали соҳибаси Мадинабону Маннопова.

“Йиғин яхши ўтди. Бу йиғин давомида умумий ва махсус жисмоний тайёргарликни яхшилашга эътибор қаратдик. Шогирдларим ўзларининг жисмоний ҳамда тезкорлик ҳусусиятларини яхшилаш устида ишлашди. Ўзбекистонлик машҳур боксчилар билан машғулотлар олиб бордик. Кўплаб совринларни қўлга киритган боксчилар билан бирга шуғулланиш йигитларга маъқул келди. Бизнинг терма жамоа мураббийлари бокс мураббийларидан анчагина фойдали маслаҳаталар олишди. Улардан кўп нарсаларни ўргандик. Бундан ташқари йиғин давомида замонавий техника ёрдамида спортчиларнинг соғлигини баҳолаш устида ҳам ишладик”, – дейди мураббий Максим Рафалович.