Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Муродов Шавкат: “Барчани бир мақсад йўлида бирлаштира олмасам, ўзимни раҳбар бўлишга нолойиқ деб ҳисоблайман”

By 17.05.2022No Comments

Қашқадарё таэквондо WT Федерацияси ижрочи директори Муродов Шавкат билан суҳбат.

– Вилоят кесимида қандай ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир туманда секциялар борми?
– Вилоят бўйича 2020 йил бошида йиғилишиб бир қатор тадбирлар ва режа ишлаб чиқилди. Вилоятнинг Муборак туманида секция йўқ эди, у ерда янги мураббий иш бошлади ва туман БЎСМда йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда барча туманларда секциялар мавжуд. Асосий эътиборни мамлакат мусобақаларида яхши кўрсаткичларга эришишга қаратилмокда, чунки 2019 йилда кўрсаткичларимиз унчалик яхши бўлмади ва бунга барчамиз бирдек жавобгармиз.

– Ўсмирлар, ёшлар ва асосий таркибга даъвогар бўлган ёшлар борми?
– 2020 йилда барча ёш тоифалари терма жамоаларига мураббийлар тайинланиб Қарши шаҳри Нуристон академик лицей спорт залида режа асосида иш бошланган эди ва ҳар ҳафтанинг шанба куни ўртоқлик учрашувлари ва умумий ўқув-йиғин машқлари ўтказилишини бошлаган эдик. Афсус короновирус карантини сабаб вақтинча тўхтатишга мажбур булдик.

– Вилоятдаги таэквондо клубларида шароитлар қандай?
– Клубларда спорт жиҳозлари қисман мавжуд лекин кўпчилиги эскирган. Олдингидек Ассоциация томонидан инвентар етказиб бериш йўлга кўйилса яхши бўлар эди. Умуман шуғулланиш учун имкониятлар етарли. Ҳатто сенсор тизими харид килишга ҳам ҳаракат бошлаганмиз.

– Вилоятда Республика ва Халқаро мусобақалар ташкил этиш режалари борми?
– Вилоятда апрель ойида 2017 йилда ўтказилган Амир Темур кубоги мусобақасини йўлга қўйиш бўйича изланишлар олиб бормоқдамиз. Балки кейинчалик ҳалқаро турнир даражасига чиқариш ҳам насиб этар.

– Вилоятда кечаги таэквондо қандай эди, бугунги ва келажакда қандай бўлиши кутилмоқда?
– 2016-2018 йиллардаги кўрсаткичларимиз жуда яхши эди, лекин 2019 йилдаги спортдаги ўзингизга маълум бўлган сабабларга кўра ўтган йилги кўрсаткичларимиз яхши бўлмади. Агар биз вилоятда тақдирини севимли спортига қаттиқ боғлаган ва жонкуяр мураббийлар бирикиб бир мақсад йўлида бирлашсак натижалар юқори бўлиши аниқ ва бунга ҳаракат киламиз.

– Ҳакамлар ва мурабийлар фаолити ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– 2020 йил бошида вилоят мураббийлари орасидан ҳакамлар кенгаши тузиб, ҳар ойда бир кун семинарлар ташкил этиш, Республика ҳакамлар семинарларига иштирок этиш ва Республика тоифасидаги ҳакамлар сонини кўпайтириш бўйича режа ишлаб чиқилган эди. Маълум ишлар бошланган эди. Мураббийлар билан ҳам худди шундай режалар ишлаб чиққанмиз. Қилинаётган ишлар албатта ўз самарасини кўрсатади деган умидимиз бор, чунки шу йилгача кўп мураббийлар сен менга тегма мен сенга тегмай қабилида ишлаб келаётган эди. Бундай мураббийлар билан очикчасига гаплашиб олдик ва аниқ максад сари интилиш натижа бериши бўйича келишиб олдик. Албатта назоратни кучайтирамиз ва керакли маслахатларни берамиз.

– Вилоят раҳбари сифатида нима ишлар қилиниши керак деб ўйлайсиз?
– Вилоят раҳбари сифатида фаолият юритаётганимга 3 йил бўлди. Йил бошидаги йиғилишда мураббийларга бу йил яхши натижаларга эришмасак, бирга бир максад сари интилмасак ва бу ишда раҳбар сифатида мен ишларни унглаб ололмасам ўз ихтиёрим билан эгаллаб турган лавозимимни бўшатишим тўғрисида айтиб ўтдим, чунки раҳбар сифатида барчани бир мақсад йўлида бирлаштира олмасам раҳбар бўлишга ўзимни нолойиқ деб ҳисоблайман. Албатта бу мақсад йўлида бир қанча режаларим бор.

Бу мақсадлар сари ишларни бошлаб юборамиз ва вилоят миқиёсида яхши натижаларга эришамиз, чунки бизнинг вилоят мураббийлари ва спортчилари бошка вилоятлардан ҳеч қандай камчиликлари йўқ. Тўғри режа, биргаликдаги ҳаракат албатта ўз маҳсулини беради, мен бунга ишонаман.