Yangiliklar

Мадинабону Маннопова: «Спортдаги фаолиятимни давом эттирмоқчиман» (интервью)

By 29.09.2021 No Comments

SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз машҳур таэквондочи, Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинлари ғолибаси, Осиё ўйинларида кумуш ҳамда Осиё чемпионатида кумуш ва бронза медалини қўлга киритган Мадинабону Маннопова.

Ассалому алайкум. Интервьюга рози бўлганингиздан ҳурсандман.

-Ассалому алайкум.

Таэквондо билан қачондан шуғулланишни бошлагансиз ва бунга сабабчи бўлган инсон ким?

– Мен 9 ёшимдан буён бу спорт билан шуғулланиб келаман. Яъни, 11 йил бўлди. Тўғрисини айтсам, дастлаб ўзим спортчи бўлишни хоҳламаганман, аммо мураббийим Собир Назаралиевнинг хизмати туфайли қизиқишим ортган. Аслида, акамга шерик бўлишим керак эди, яъни соғлиғим учун машғулотларга борар эдим. Лекин насиб экан, мен профессионал спортчи бўлишга эришдим, акам эса, олий маълумотли бўлишни танлади.

Илк баҳсингиз ва дастлабки ғалабангиз ёдингиздан чиқмаса керак?

– 2012 йилда шаҳар биринчилиги дебют қилганман. Ёдда қоларли жиҳати етакчиликни қўлга киритиганман. Медаллар жамғармаси учун дастлабки қадамни эса 2013 йилда қўйганман. Ўшанда бобожоним билан бирга мусобақага борганмиз ва ғалаба қозонганман, бобом жуда ҳурсанд бўлган эди. Яна 2013 йилда Ўзбекистон чемпионати ҳам ёдимда қолган. Негаки, бу турнирда чемпионликни қўлга киритганман.

IMG_20210927_165725

Биласиз, аёллар спорти сўнгги йилларда алоҳида эътиборга лойиқлигини кўрсатиб қўйди. Бугун Осиёда ўз ўрнига эга таэквондочи сифатида шароитлар ҳақида нима дея оласиз?

– Ҳозирги кунда Президентимиз спорт, жумладан, аёллар спортига атрофлича аҳамият бермоқда. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, замонавий зал, жиҳозлар ёрдамида машғулот ўтказиш имкониятига эгаман. Ҳаттоки, терма жамоада мураббийлар штаби, диетолог, шифокор, психологлар четдан чақирилган ва биз билан кун-у тун ишлашади. Бугунга келиб, мусобақалар сони ҳам ортган. Албатта, бу профессионаллик учун катта ёрдам беради, чунки қанча кўп турнирларда қатнашсак, шунча амалиёт ортади. Қолаверса, айни пайтга келиб, бир неча давлатдан спортчилар жам бўлиб, ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда. Бу ўзаро тажриба алмашишда қўл келади.

Аёлларни спортга жалб қилиш учун қандай тадбирлар ўтказиш керак деб ўйлайсиз, ҳар ҳолда «ўзбекчилик» деган гап-сўзлар бор?!

-Таэквондо ITFга нисбатан олиб гапирсам, бизнинг спорт туримизда барча хавфсизлик чоралари кўрилган ва ҳимоя воситалари бор. Шунингдек, менталитетимизга тўғри келмайдиган жиҳатлар йўқ. Кийими, спорт тури ва ҳаракатларида ортиқча нарса кўзга ташланмайди. Шунга кўра иш тутиш керак. Ҳар хил оилалар бор, кимдир қўллаб-қувватлайди ва яна кимдир бунга қаршилик қилади. Менимча, қизлар спортга қизиқса, келиб шуғулланса, терма жамоага қўшилади, кейин умуман ўзи учун янги ҳаёт қуради, маош олади, чет давлатларини кўради. Қиз бола бўлса ҳам моддий тарафдан оиласига ёрдам беради. Мен шу кунгача буни ёмон тарафини кўрмадим.

Қайси чет эл давлатларида бўлгансиз ва эсда қоларли саёҳатингиз ҳақида биз билан ўртоқлашсангиз

– Ҳозир санаб ўтирсам, вақт етмайди, Осиё, Африка, Европа, Америка қитъаларининг кўплаб мамалакатларига борганман ва ёдимда қолгани Осиё ўйинлари бўлиб ўтган Индонезиянинг Жакарта шаҳри. Чунки биз бу давлатга фақат таэквондо спорт тури эмас, балки бутун Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси билан ташриф буюрганмиз. Барча спортчилар бир-бирини қўллаб-қувватлаган, қувончли ва қайғули онларда бирга бўлганмиз. Мен учун бу янгилик бўлган ва кумуш медали билан юртимизга қайтгандим.

0Q3A5330-scaled

Мадина Маннопова оилада қандай ўринга эга: спортчи ёки қиз?

-Менимча, оилада кўпроқ спортчи сифатида қарашади. 2 ойлаб мусобақа ва машғулотлар учун йиғинга кетар эдим, битта мен эмас, бутун терма жамоа аъзолари шундай. Уйдагилар билан жуда кам вақт ўтказамиз. Лекин улар менга ҳар жабҳада ёрдам беришади. Қолаверса, уйга келсам ҳам вазн ташлаш учун диета қилишимга тўғри келар, онам тайёрлаб қўйган ширин таомлардан маҳрум бўлар эдим. Бобом ҳам спортни яхши билгани, тушунгани учун турли маслаҳатлар бериб борардилар.

Шу ўринда турмушга чиққанингиз билан табриклайман. Агар сир бўлмаса, турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?

– Ўтган йили Олимпия Қўмитасида кўришиб қолганмиз, тиббий кўрикдан ўтгани борган эдим. Шундан кейин интернет тармоғида танишганмиз. Лекин тўй бу даражада тез бўлиб кетиши ҳаёлимга ҳам келмаганди. Тўй қилишимиз июнь-июль ойларида аниқ бўлган бўлса, 2 сентябрда турмуш қурдик. Қизиғи, мен тўйга яқин вақтда ҳам Токиода ўқув-йиғин машғулотларида эдим.

240588327_518413889238779_5585529256376359749_n_1

Ҳозир режаларингиз қанақа? Чунки кўпчилик аёл спортчилар турмушга чиққанидан сўнг бу соҳани тарк этади.

-Худо хоҳласа, мен спортдаги фаолиятимни давом эттирмоқчиман, турмуш ўртоғим ҳам қаршилик билдирмаяпти.

Турмуш ўртоғингизнинг спортчи экани сизга қай даражада ёрдам беряпти?

– Бу энг катта «плюс»(кулади). Спортчини барибир спортчи тушунади. Умумий қилиб айтганда, оила аъзоларим каби менга елкадош бўладиган инсонлар сафи биттага кенгайди.

Тасаввур қилинг, бугун омадингиз келмади ва мағлубиятга учрадингиз. Эртага янги ғалаба учун кимдан мотивация оласиз ёки нима сизни яна туриб курашишга чорлайди?

– Менимча, шу кунгача эришган ютуқларим бўлса керак. Спортда мағлубият ва ғалаба ёнма-ён бўлади. Йиқилсам янада кўпроқ шуғулланишга ҳаракат қиламан. Қилинган меҳнат ва қийинчилик энг катта мотивация ҳисобланади. Яна энг зўр мотиваторим – бу бобом. Шундай гапларни айтардиларки, гўёки мен энг зўриман. Юқорида айтганимдек, ҳозир улар сони биттага ортган.

IMG_20210927_163226

Қачондир қўллаб-қувватлаш сизни манманликка қадар олиб бормаганми? Тўғриси, суҳбатдан аввал сиздан бу қадар самимийлик кутмаган эдим.

– Э йўғ-э, манманлик қиладиган ҳеч нарса қилмадим. Болалигимдан бобом кимни кўрсанг салом бер деб ўргатардилар. Чунки оддий юрган пайтингизда бу билинмайди, бирор мусобақада яхши натижага эришиб келсангиз ҳаммани эътибори сизда ва гўёки тантиқлик қилаётгандек кўринишингиз мумкин. Самимийлик ҳақидаги гапингиз учун раҳмат(кулади).

Қачондир спортни ташлаб кетиш ҳақида ўйлаганмисиз?

– Ҳа, ўйлаганман. Ўсмирлар ўртасида Олимпиада учун йўлланмага эга чиқолмаганман. Шунда кореялик рақибамга имкониятни бой бериб қўйганман. Жуда аламли, 21:20 ҳисобидаги мағлубият бўлган. Шу билан барчаси тугади, деб ўйлаганман. Ичимда, бўлди, спортдан кетаман, деб йиғлаганман. Эсимда, ютқазганимдан кейин мураббийим бўлди, ташла спортни, деб уршиб берганлар. Эртаси куни сиқилиб юрсам, мураббийим менга бор машғулотларни бажар, катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига борасан дегандилар. Мен ҳали ўсмирман, катталар ўртасидаги чемпионатни номидан қўрқиб кетгандим. 2 ҳафта вақт бор эди ва бу мен учун биринчи йирик мусобақа бўлган. Осиё чемпионатида 3-ўринни олганман. Кўряпсизми, мағлубиятдан кейин яна ғалаба келяпти.

Мусобақалар вақти кўп спортчилар йиғилади, кулгули воқеалар ҳам бўлиб турса керак?

-Энг сўнгги турниримиз Ливаннинг Бейрут шаҳрида бўлган. Ўшанда Феруза Садикова билан бир кунда медалга эга чиққанмиз. Феруза биринчи, мен эса иккинчи ўринни қўлга киритганман. Мен учун жуда қайғули эди, негаки, ноҳақликлар сабабли олтин медалдан қуруқ қолганман. Жуда чарчаган эдик, мусобақадан сўнг дам олишга хонага келдик, овқатландик ва ухладик. Кейинги кун ҳамма бирга нонушта қилиши керак эди. Биз иккаламиз ухлаб қолдик ва кейинги автобусда кетмоқчи бўлдик. Чунки бошқа кунларда битта автобус кетса, кейингисида қолганлар етиб борса бўлар эди. Биз бемалол пастга тушиб нонушта қиламиз, деб ўйлаётган эдик. Шунда терма жамоадаги Чарос деган қиз телефон қилди, тез тушинглар, сизларни кутяпмиз деб. Шунда ҳам биз ейиш учун у-бу нарса олишни, сўнг бемалол етиб боришни ўйлаётган эдик. Уйқусираб чиқсак, автобус тўла одам, бизни кутиб турган экан. Иккита иккичига ўхшаб ичкарига кирдик. Энг олдинги ўриндиқда Александр Анатолиевич деган мураббий бақириб уришганда уйғондик (кулади).

photo_2021-06-07_11-24-25

Ноҳақликка алоҳида тўхталиб ўтсак

-Кичик адолатсизлик сабабли 1-ўриндан маҳрум бўлдим. Аммо ён ҳакамлардан бири «кеча сен зўр урушдинг, рақибинг эса хавфли ҳаракатлар қилди. Рефери ҳамма ҳакамларни шарманда қилди»,-деди. Шунда ҳурсанд бўлдим, мени ҳақ эканлигимни кўришибди, деб ўйладим.

Ҳозир АҚШдасиз, тўғрими?

-Ҳа, Америкадамиз.

Бу саёҳат янги оилангиз билан қандай таассурот қолдиряпти?

-Менимча, ҳамма қиз ўз оиласи билан чет эл сафарига чиқишни орзу қилса керак. Бу мени битта ниятим эди ва бунга эришдим, шаҳарга келадиган бўлсак, барча чиройли жойларга боришга ҳаракат қиляпмиз.

photo_2021-09-27_12-30-52

Бўш вақтларингизда яна қандай машғулотлар билан банд бўласиз, ошхонада қанчалик тажрибага эгасиз?

– Тўғрисини айтсам, ошхонада катта тажрибага эга эмасман. Ора-орада, уйга келсам ойим билан бирга таом тайёрлар эдик. Ҳозир келин бўлганимдан кейин бу мени вазифаларимдан бири ва уддалаяпман, деб ўйлайман. Ҳозир бу ерда ҳам мен учун амалиёт бўляпти, нима пишириш ҳақида ўйлаб, аста-секин овқат пиширишни ўрганяпман.

Қимматли вақтингизни ажратиб, саволларимизга жавоб берганингиз, самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

– Сизга ҳам раҳмат!

Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди