Skip to main content
Yangiliklar

Спорт федерациялари бўйича муҳим Қарор лойиҳаси тайёрланади

By 01.08.2020No Comments

Спорт турлари бўйича федерация (уюшма)лар ва спортни ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт турлари бўйича федерация (уюшма)лар ва спортни ривожлантиришга масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси очиқ порталида муҳокамага қўйилди. Қуйида қарор лойиҳасининг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин:

Спорт турлари бўйича федерация (уюшма)лар ва спортни ривожлантиришга масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Спортни ривожлантиришга масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

спортни ривожлантиришга масъул ташкилотлар ва спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) терма жамоалар спортчиларини тайёрлашда ва уларнинг тиббий таъминотига йўналтирилаётган молиявий маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлашда, ушбу соҳада камчиликларни бартараф этишга қаратилган самарали механизмни шакллантиришда;

спорт таълими муассасалари ва спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг миллий терма жамоалар тайёрлаш соҳасида мавжуд моддий-техника базасидан оқилона фойдаланишда, турли даражадаги халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришда, тайёрлаш ва мусобақаларда қатнашишларини тизимли йўлга қўйишда;

спортчиларни спорт таълими муассасаларига қабул қилиш, миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига, шунингдек, болалар-ўсмирлар спорт мактабларида дастлабки тайёргарликдан ўтган, спортнинг муайян тури билан шуғулланиш учун зарур спорт кўрсаткичларига ва юқори маҳоратли спортчилар салоҳиятига эга бўлган истиқболли спортчиларни саралаш (селекция)да ўзаро ҳамкорликни амалга оширадилар.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) моддий-техника базасини яхшилаш, ҳудудий терма жамоаларни тайёрлаш, мавжуд моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш, спортчиларни саралаш (селекция), тайёрлаш ва мусобақаларда қатнашишга қаратилган чора-тадбирлар белгиласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Абдулла Арипов