Skip to main content
Yangiliklar

2022 йилги Жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланишди

By 30.12.2022February 22nd, 2023No Comments

Якунига етиб бораётган йил ўзбек спорти учун улкан муваффақиятларга бой бўлди. Спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, комплекс мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришгани учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларини мукофотлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-4056 Фармонига асосан ҳар йили Олимпия ва Паралимпия спорт турларида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларни тайёрлаган тренерлар бир марталик пул мукофоти билан тақдирланишади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида 2022 йил дунё биринчиликларида шоҳсупага кўтарилган спортчи ва тренерларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Азизжон Камилов, Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари, спортчи ва мураббийлар, фахрийлар иштирок этишди.

Унга кўра, Мексикадаги Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Светлана Осипова 12 000, кумуш медал соҳиби Нияз Пўлатов 6 000 ва бронза медали эгалари Феруза Содиқова ҳамда Никита Рафалович 3 000, мураббийлар Павел Хан, Владимир Хан, Паҳлавон Собиров ва Масим Рафалович ҳам мос равишда 6 000, 3 000 ва 1500 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Шунингдек, тақдирлаш маросими доирасида “Миллий спорт мукофоти-2022”нинг “Халқаро тадбирларнинг энг яхши ташкилотчиси” номинацияси ғолиби Осиё Олимпия кенгашига аталган соврин тантанали равишда ташкилотнинг мамлакатимиздаги вакили, ООК вице-президенти Отабек Умаровга топширилди.