Skip to main content
Yangiliklar

Наманганда Президент топшириғининг ижроси бўйича истиқболли режалар кўриб чиқилди

By 03.06.2022No Comments

Фарғона водийсига ташриф буюрган МОҚ раҳбариятининг навбатдаги сафар манзили Наманган вилояти бўлди. Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси, соҳа мутахассислари билан ўтказилган учрашувда кун тартибидан ўрин олган барча масалаларни муҳокама қилиб олишди.

Мутасаддилар сафар давомида бундан аввал Андижон ва Фарғона вилоятларида бўлиб, Президентимизнинг 23 май куни видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижросини таъминлаш йўлидаги янги механизм тақдимотини ўтказишган эди. Қайд этиш жоиз, наманганлик мутасаддилар ҳам мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашди.

Сўнгги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Наманган вилоятидан Олимпия ўйинларида иштирок этаётган спортчилар сони ортган. Паралимпия ўйинларидан эса совриндорлар етишиб чиқмоқда. Йиғилиш давомида энди Олимпиадаларда ҳам шоҳсупага кўтариладиган юқори даражадаги атлетларни тарбиялаш вақти келгани алоҳида таъкидланди.

Шубҳасиз, бу борада ёш иқтидор эгаларини тарбиялайдиган БЎСМ ва ИБЎСМ, Олимпия захиралари коллежларининг ўрни катта. Олдинга қўйилган мақсад йўлида уларда фаолият олиб борадиган мутахассисларнинг малакасини ошириш яна бир устувор вазифа бўлиб, МОҚ раҳбарияти бунга ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Учрашув давомида Азизжон Камилов давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифалар, йиғилиш моҳияти, билдирилган танқидий фикрлар бўйича гапирди. Шундан сўнг Шерзод Ташматов ишлаб чиқилган янги тизим ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, мусобақалар спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг туман ва шаҳарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида ўтади. Унда ҳудудларга масъул мутахассислар бириктирилиб, баҳсларни бошқаришда шаффоф ва одилона ҳакамлик корпуслари яратилади.

Йиғилиш давомида МОҚ раҳбарияти наманганлик мутахассисларнинг ҳам янги механизм ҳақидаги фикрлари билан танишишди ва у бўйича мулоҳазалар билдирилди.