Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Александр Ким: “Таэквондочиларимиз июнь ойида учта нуфузли халқаро мусобақада иштирок этишади”

By 11.04.2022No Comments

Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси мураббийи Александр Ким Тошкентдаги йиғин ва бўлажак режалар ҳақида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизматига интервью берди.

– Александр Анатольевич, дастлаб Тошкентдаги йиғин ҳақида маълумот берсангиз…
– 4 апрелдан Тошкентда навбатдаги йиғинни бошладик. Барча спортчилар соғ-саломат ва машғулотларда қатнашишмоқда. 15 апрелдан ушбу йиғин халқаро йиғин мақомини олиши кутилмоқда.

– Қандай қилиб?
– Сабаби Тошкентга Грузия ва Хитой Тайпеи таэквондо терма жамоалари келиши режалаштирилган. Агар келишув амалга ошса, Тошкентда учта терма жамоа бирга халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.

– Мазкур йиғинда айнан қандай машғулотларга урғу берилмоқда?
– Бу йиғинда спортчиларимизнинг жисмоний ҳолатини ушлаб туриш мақсадида умумжисмоний тайёргарлик ва махсус жисмоний тайёргарликка урғу бермоқдамиз. Яқинда бўлиб ўтган халқаро мусобақада қатнашган таэквондочиларнинг камчиликларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

– Таэквондочиларимиз олдида турган навбатдаги мусобақалар қайси?
– Терма жамоамиз июнь ойида учта халқаро мусобақада иштирок этиши кутилмоқда. Гран При 1-сериясида Олимпия рейтингидаги энг кучли 32 нафар спортчи иштирок этади. Ушбу мусобақа 3-5 июнь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтади. 27 июнь куни Хитойда Бутунжаҳон Универсиада баҳслари бошланади. 24-27 июнь кунлари Жанубий Кореяда таэквондо бўйича Осиё чемпионати ўтказилади.

🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати