Skip to main content
Yangiliklar

Томас Бах мамлакатимизда нишонланган “Халқаро Олимпия куни”ни эътироф этди

By 15.07.2021July 16th, 2021No Comments

Жорий йилнинг 21-28 июнь кунлари мамлакатимизда “Халқаро Олимпия куни”га бағишланган Олимпия ҳафталиги ўтказилиб, байрам Республикамиз бўйлаб кенг нишонлади. 15 та федерация ва ассоциацияларимизда ўтказилган тадбирдан тайёрланган видеоролик Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бахга тақдим этилди. Ўз навбатида, ХОҚ Президенти ушбу тадбирларнинг юқори савияда ва ўзгача шукуҳда ўтказилганини таъкидлаб, Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмоновга миннатдорчилик хатини юборди. Унда шундай дейилади:

«Йўллаган мактубингиз ва унда Ўзбекистонда Олимпия кунининг нишонлангани ҳақидаги видеороликни тақдим этганингиз учун Сизга чуқур миннатдорчилигимни изҳор қиламан.

1894 йилда асос солинган ушбу кун 1948 йилнинг 23 июнидан қайта тикланди. У ёши, жинси, келиб чиқишидан қатъий назар инсоният орасида Олимпия ҳаракатини тарғиб қилиш йўлида хизмат қилади. Олимпия куни байрами – бунинг учун энг яхши имкониятдир.

Хоҳ спорт мусобақалари бўлсин, хоҳ оммавий турнирлар, қандай тадбир ўтказишингиздан қатъий назар, Миллий Олимпия қўмитаси Миллий федерациялар билан ҳамкорликда барчани руҳлантиришда ва илиқ таассурот қолдиришда давом этмоқда. Инсонларни ҳар хил спорт турлари билан таништиришда ҳамда уларни ҳаракатлантиришга ундайдиган ажойиб ишингиз, мана шундай меҳнатингиз маҳсули учун чуқур миннатдорчилигимни билдиришга ижозат беринг.

Сиз ва мамлакатингизнинг Олимпия жамоасига энг яхши тилакларни билдириб қоламан»,

Ҳурмат билан,
ХОҚ Президенти Томас Бах