2019 йил 17 июнь куни Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида ташкилотнинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтган. Унда Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, шунингдек, спорт жамоатчилигининг қатор вакиллари иштирок этишди. Конференцияда ташкилотга янги раҳбар сайланди. Бир неча йил давомида Бокс федерациясини бошқарган Шерзод Ташматов Ўзбекистон таэквондо ассоциациянинг янги раиси сифатида сайланганди.
Бугун, 2021 йилнинг июль ойи. Шерзод Рихсибоевич ўзбек таэквондосига келганига 2 йил тўлди. Хўш, мана шу икки йилда юртимиз таэквондосида нималар содир бўлди?
2019 йилнинг август ойида Тошкентда кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтказилди. Бу янги раҳбарият учун илк катта синов эди. 7-10 август кунлари Тошкентда 67та мамлакатдан келган 850дан зиёд спортчи ҳамда мураббий жам бўлди.
Қувонарлиси ушбу мусобақада ўзбек таэквондосида янги тарихий натижа қайд этилди. -41 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Зафарбек Каримов барча рақибларини мағлуб этиб кадетлар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлган биринчи ҳамюртимиз бўлди! Каримов мусобақа охирида мусобақанинг энг яхши эркак спортчиси деб тан олинганди. Бундан ташқари Жаҳон чемпионатида -33 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Муҳаммадамин Алиев бронза медалини қўлга киритганди.
Жаҳон чемпионатидан ташқари 8 август куни Тошкентда таэквондо бўйича йирик флэшмоб ташкил этилди. Бутунжаҳон такэвондо федерацияси президенти бундай юқори сифатли тадбир дунё таэквондоси тарихида илк маротаба ўтказилганини ва у Ўзбекистонда бўлганини айтди. Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида, аввало, соғлом турмиш тарзини, шунингдек, таэквондони тарғиб қилиш йўлида катта флэшмоб ташкил этилди. Унда ушбу спорт турида катта ютуқларга эришган ҳамюртларимиз, юзлаб маҳаллий ва Жанубий Кореядан келган ёш таэквондочилар ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Флэшмобда жами 2019 нафар иштирокчи қатнашди.
Ўша йил сентябрь ойида таэквондочиларимиз “Россия Опен” халқаро мусобақасида 5та олтин, 2та кумуш ва 1та бронза медалига эга чиқишди. Октябрь ойида Ухань шаҳрида ўтган Бутунжаҳон армия ўйинларида вакилларимиз 4та олтин, 3та кумуш ва 3та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида БИРИНЧИ бўлишганди.
Декабрь ойида ҳамюртимиз Никита Рафалович Катта дубулға мусобақасида бронза медалини қўлга киритди ва Олимпия рейтингида кучли бешликка кирди. Бу эса Токиодаги Олимпиадага йўлланма берилишини англатарди. 2020 йил январь ойида Рафаловичнинг йўлланма олгани расман тасдиқланди.
2020 йил январь ойи сўнггида ва февраль ойи бошида терма жамоа аъзолари иккига бўлинган ҳолда ярми “Туркиш Опен”, қолган ярми “Фужайра Опен” халқаро мусобақасида иштирок этишди. “Фужайра Опен”да жами 5та, “Туркиш Опен”да жами 4та медаль қўлга киритилди.
Афсуски март ойидан юртимизда пандемик вазият жиддийлашди ва барча халқаро ва ички мусобақалар қолдирилди, баъзилари бекор қилинди. Шундай вазиятда ҳам раҳбарият таэквондочиларга барча шароитларни яратиб берди. Терма жамоа аъзолари уйдан чиқмай туриб онлайн машғулотларда иштирок этишди ва ўз спорт формаларини имкон қадар юқори даражада ушлаб туришга уринишди.
Фақатгина ноябрь ойи охирига келиб катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари ўтказилди.
2021 йил февраль ойи бошида Тошкентда халқаро ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. Унда ўзбекистонлик таэквондочилар билан бирга Афғонистон, Грузия ва украиналик таэквондочилар ҳам иштирок этишганди. Йиғин давомида ушбу давлат спортчилари ўртасида спарринглар ҳам ўтказилди ва шу орқали бўлажак халқаро мусобақаларга тайёргарлик олиб борилди.
Март ойи ўртасида Туркияда анъанавий “Туркиш Опен” халқаро мусобақаси ўтказилди. Бу таэквондочиларимиз учун пандемиядан кейинги илк халқаро мусобақа бўлганини таъкидлаш лозим. Унда вакилларимиз учта олтин ва бешта бронза медалига эга чиқишди.
Таэквондочиларимиз учун апрель ойи сўнггида Тошкентда халқаро ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. 20 кун давом этган йиғинда Қозоғистон, Вьетнам, Хитой Тайпеи ва Қатар терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишди.
21-22 май кунлари Иорданияда Токио-2020 лицензион турнири бўлиб ўтди. Унда Улуғбек Рашитов, Нигора Турсунуқулова ҳамда Светлана Осипова иштирок этишди. Қувонарлиси ҳар учала спортчимиз финалга қадар етиб борди ва Токио Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқди. Шундай қилиб таэквондочиларимиз тарихда илк бор Олимпия ўйинларида тўлиқ таркиб билан иштирок этадиган бўлишди. Бундан олдинги Олимпиадаларнинг ҳеч бирида Ўзбекистондан бирданига 4 нафар спортчи иштирок этмаганди.
16-18 июнь кунлари Ливан пойтахти Бейрут шаҳрида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Уч кун давомида таэквондочилар қитъа чемпионлиги учун кураш олиб боришди. Қувонарлиси Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3та олтин, 1та кумуш ва 6та бронза жами 10та медални қўлга киритишди. Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон битта Осиё чемпионатида 10та медаль қўлга киритилмаган эди. Бунгача энг яхши натижа 2018 йилги мусобақада қайд этилганди – 8та медаль. Бундан ташқари таэквондочиларимиз олтин медаль олиш бўйича ҳам ўз рекордини такрорлашди! Бунгача ўзбекистонлик таэквондочилар битта Осиё чемпионатида максимум 3та олтин медални қўлга киритишганди. Бу 2014 йил Тошкентда ўтган қитъа чемпионатида содир бўлганди. Вакилларимиз Ливанда ушбу натижани такрорлашди ва медаллар умумий сони бўйича рекордни янгилашди! Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Биздан фақат Жанубий Корея терма жамоаси яхшироқ натижа кўрсатди холос. Вакилларимиз Эрон, Иордания, Хитой Тайпеи, Қозоғистон каби давлат спортчиларини ортда қолдиришди.
Қувонарлиси Осиё чемпионати ташкилий қўмитаси ўзбекистонлик Шохсанам Аъзамовани мусобақанинг энг яхши спортчиси (Best athlete) деб топишди.
Таъкидлаш лозимки, бу йилги Осиё чемпионатида Нигора Турсунқулова, Светлана Осипова ҳамда Улуғбек Рашитов Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик кўраётгани боис иштирок эта олишмади. Бу спортчиларимиз ҳам Ливанга боришганида натижа бундан ҳам яхши бўлишига шубҳа йўқ эди.
20 июнь куни Ливанда анъанавий “Beirut Open-2021” халқаро мусобақаси ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар таэквондочиси қатнашиб жами 10та медални қўлга киритди. Чарос Қаюмова, Феруза Садиқова, Мадинабону Маннопова, Никита Рафалович ва Озода Собиржонова олтин медалларга эга чиқишган бўлса, Шохсанам Аъзамова Жасур Жайсунов кумуш медалларини қўлга киритишди. Шоҳруҳ Ражабов, Гулсанам Алижонова ҳамда Сардор Тоиров терма жамоамиз ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйишди.
Қувонарлиси ушбу натижа умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоасини 39 давлат орасида БИРИНЧИ ўринни эгаллашига сабабчи бўлди!
Таъкидлаш лозимки, 2019 йил июль ойидан то ҳозиргача таэквондочиларимиз 17та халқаро мусобақада 26та олтин, 19та кумуш, 31та бронза жами 76та медаль қўлга киритишди. Бу рақамлар орқали Ўзбекистонда таэквондо спорт тури қанчалик жадаллик билан ривожланаётганини сезиш қийин эмас.
Шу кунларда Токиодаги Олимпиадага 4 нафар таэквондочимиз жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Кўриб турганингиздек Шерзод Ташматов таэквондо ассоциацияси раҳбарига айланганидан кейин бир қанча тарихий натижалар қайд этилди. 24 июль куни Япония пойтахтида бошланадиган ёзги Олимпия ўйинларида ўзбек таэквондочилари ниҳоят медалларни қўлга киритишади ва навбатдаги тарихий натижани қайд этишларига ишонамиз. Зеро бунга ишончимиз ҳар қачонгидан кўра юқори.