Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раиси лицензиатларимизнинг тайёргарлигини кўздан кечирди

By 07.07.2021No Comments

Айни пайтда Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик олиб бораётган аксарият вакилларимиз Тошкент вилояти Ангрен шаҳри яқинидаги “Дукент” ўқув-машғулотлар базасида шуғулланишмоқда. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бугун атлетларимизнинг тайёргарлиги билан танишди.

Ҳозирда ушбу базада қиличбозлик, енгил атлетика, спорт курашлари ва Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз машғулот олиб боришмоқда. Олимпиячиларимиз учун бу йиғин мусобақа олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи бўлиб, унда спортчиларимизнинг техник ва тактик қобилиятларини кучайтириш, уларни мусобақага яқин энг юқори спорт формасига олиб чиқиш кўзда тутилган.

МОҚ раҳбари ҳар бир спорт туридаги вакилларимиз билан алоҳида, бирма-бир суҳбатлашиб, уларнинг кайфияти, саломатлиги ва тайёргарлик жараёни ҳақида гаплашди. Мураббийлар штаби билан шароитлар, сўнгги тайёргарлик режалари, шифокорлар билан суҳбатда эса эпидемиологик ҳолатни янада қаттиқ назоратга олиш бўйича базада олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.