Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раҳбарияти ёш хоккейчимиз Салоҳиддин Азимовга омад тилади

By 19.07.2021No Comments

Бир неча кун муқаддам ўзбекистонлик ёш хоккейчи Салоҳиддин Азимов Россиянинг “СКА-Юность” клуби билан шартнома имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда у Тошкентга қайтиб келди ва янги мавсумга тайёргарлик олиб бормоқда. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ёш хоккейчимизни қабул қилиб, унга илиқ тилакларни билдириб ўтди.

Учрашувда МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раиси Искандер Шадиев, Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Шукурулло Каримов, “Бинокор” хоккей клуби директори Абдумажид Носиров ёш хоккейчимиз ва унинг отаси Алишер Азимов иштирок этишди. Самимий руҳда ўтган учрашувда МОҚ раҳбари Салоҳиддинга ўзининг энг яхши тилакларини йўллади.

“Биз ҳам ёшлигимизда хоккейнинг ашаддий мухлиси бўлганмиз. Бироқ унда ёшлар учун ҳозиргидек ажойиб шароитлар яратилмаган эди. Сизлар Ўзбекистоннинг бахтли фарзандисизлар. Ёш хоккейчиларимиз орасида айнан сен биринчи бўлиб хорижга йўл олиш бахтига муяссар бўлмоқдасан. Ана энди орзуларинг сари янада катта қадам ташлаш вақти келди. Ўз юртинг, оиланг ва номингни дунёга машҳур қил. Бу борада биз нима ёрдам керак бўлса, уни ҳал қилишга тайёрмиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбат давомида Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси ва хоккей федерацияси мутасаддилари билан ёшлар спортига янада катта аҳамият қаратиш, республикамизнинг барча вилоятларидан ана шундай истеъдодли ёшларни саралаш, қишки спорт турларини янада ривожлантириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этиш Салоҳиддин Азимов “СКА-Юность” жамоаси билан 2 йиллик шартномага эга. Отасининг қайд этишича, шундан сўнг у океан ортида АҚШнинг Теннесси штати клубида фаолиятини олиб бориши режалаштирилган.