Skip to main content
Yangiliklar

Улар Токиога боришади: Қорақалпоғистонлик курашчимиз Жалгасбай Бердимуратов

By 16.06.2021No Comments

“Улар Токиога боришади” лойиҳамизни давом эттирамиз. Бугун Сизлар билан юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз вакили Жалгасбай Бердимуратовнинг фаолияти билан яқиндан танишамиз.

Жалгасбай Қарлибаевич Бердимуратов 1997 йил 17 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида таваллуд топган. 2016 йилдан терма жамоа аъзоси. Биринчи ва шахсий мураббийи Рустам Эрназаров. Миллий терма жамоа таркибида Равшан Рўзиқулов қўл остида шуғулланади.

2016 йил юнон-рум кураши бўйича ўтказилган мамлакат чемпионатида зафар қучади ва шу йилдан миллий терма жамоа таркибида иштирок этиб келмоқда. Шу йил Филиппинда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритди. Бир йил ўтиб, ушбу натижани бир поғона яхшилади.

Шундан сўнг полвонимиз бир қатор нуфузли мусобақаларда ўз тажрибасини ошириб борди. 2019 йил Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ўз иштироки билан мухлислар олқишига сазовор бўлди.

Ушбу дунё биринчилигида -77 кг вазн тоифасида қўлга киритилган бронза медали ҳамюртимиз учун Токио-2020 Олимпиада йўлланмасини тақдим қилди.