Skip to main content
Yangiliklar

Спорт базаларида назоратни кучайтириш юзасидан онлайн йиғилиш ўтказилди

By 28.06.2021No Comments

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тузилган махсус Республика комиссиясининг қарорига мувофиқ бугундан карантиннинг янги талаблари кучга кирди. Қарорда кўрсатилган талабларга қатъий риоя қилиш, спорт базаларидаги вазиятни назоратга олиш бўйича онлайн йиғилиш ўтказилди. Унда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг масъул вакиллари иштирок этишди.

Йиғилиш аввалида Абдушукур Садиков махсус комиссия қарорининг моҳияти, тарқалаётган янгича штамнинг хусусиятлари ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Шерзод Ташматов ҳам мавзу юзасидан фикр билдирди.

“Ҳозирги вазият тобора жиддийлашиб бормоқда. Бир неча йиллардан бери мана шу Олимпиадада ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун катта меҳнат қиляпмиз. Кичик бир эътиборсизлик сабаб қилаётган меҳнатимиз ҳавога учиб кетмаслиги керак. Барча спорт базаларида назоратни кучайтирамиз. Зарурат бўлмаган ҳолларда ҳеч ким базага кирмайди ва чиқмайди. Президентимиз ва ҳукуматимиз, миллионлаб ҳамюртларимиз бизга катта умид боғлашган. Албатта, биз бу ишончни оқлашимиз керак”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.

Йиғилиш давомида федерация мутасаддилари билан бирма-бир суҳбатлашилиб, улардаги муаммо ва камчиликлар, спортчиларнинг саломатлиги, тайёргарлик жараёни ҳақида атрофлича суҳбатлашилди.