Skip to main content
Yangiliklar

Ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича конференция бўлиб ўтмоқда

By 24.06.2021No Comments

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, республика аҳамиятига молик идора, муассаса ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун “Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон” мавзусида миллий конференция ўтказилмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад – бундан икки йил олдин – 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4366-сон қарори ижросини сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни эътироф этиб, камчиликларни бартараф этиш масалаларини муҳокама этиш ҳамда матбуот котиблари ўзаро тажриба алмашиши учун самарали муҳит яратишдир.

 

“International hotel Tashkent” меҳмонхонасида ўтаётган конференцияда 180 га яқин вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ҳамда ҳокимликларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этмоқда. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси номидан МОҚ раисининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев қатнашмоқда.

Тадбир иштирокчилари конференция давомида соҳага оид долзарб масалалар, ахборотни етказишда замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда аудиторияга тақдим этиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, билдирилган танқидий фикрларга тезкор муносабат билдириш каби йўналишлар бўйича фикр алмашишмоқда. Конференцияда АОКА раҳбарияти ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.