Skip to main content
Yangiliklar

“Улар Токиога боришади”. Бугунги қаҳрамонимиз – Баҳодир Жалолов

By 17.05.2021No Comments

“Улар Токиода юрт шаънини ҳимоя қилишади” лойиҳамизнинг бугунги қаҳрамони бокс бўйича терма жамоамиз юлдузи Баҳодир Жалолов бўлади.

Баҳодир Жалолов 1994 йил 8 июль куни Сурхондарё вилояти, Сараосиё туманида таваллуд топган. Бокс сабоқларини Чирчиқ Олимпия захиралари коллежида таниқли мураббий Тўлқин Қиличевдан ўрганган.

2013 йил +91 кг вазн тоифасида катталар ўртасида мамлакат биринчилигида ғалаба қозонди ва шу йилдан эътиборан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Жалолов фаолиятидаги илк йирик мусобақани 2015 йил жаҳон чемпионатида ўтказди. Мазкур турнирда юртдошимиз бронза медалини қўлга киритди.

2016 йил эса Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиб, чорак финалгача етиб борди. Қайд этиш, боксчимиз мазкур Олимпиаданинг очилиш маросимида терма жамоамизнинг байроқдори ҳам бўлган.

2017 йил Тошкентда, 2019 йил Бангкокда ўтган Осиё чемпионатида зафар қучди.

2018 йилдан ҳамюртимиз профессионал боксга ҳам қадам қўйди. “Big Uzbek” лақаби остида жанг қилаётган боксчимиз шу пайтгача 8 та жанг ўтказиб, барчасида муддатидан аввал ғалаба қозонди.

2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионати унинг фаолиятидаги унутилмас мусобақалардан бўлди. Бунда Баҳодир барча рақибларини мағлубиятга учратиб, илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш барбарида мусобақанинг энг яхши боксчиси унвонига эришди. Мусобақадан сўнг Президентимиз томонидан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.

2020 йил бошида Иорданияда ўтган лицензион турнирдаги муваффақиятли иштироки орқали Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Ҳозирда терма жамоамиз билан мазкур мусобақага қизғин тайёргарлик олиб бормоқда.