
Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг таваллуд куни. А.Арипов 1961 йилнинг 24 май санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
Абдулла Нигматович ҳукумат таркибидаги кўп йиллик фаолияти давомида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишларни амалга оширганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жумладан, Ўзбекистонда шахмат спортининг ривожланиши, мамлакатимиздан иқтидорли ёш шахматчиларнинг етишиб чиқишида ҳам бу инсоннинг хизматлари беқиёс. 17-жаҳон Рустам Қосимжонов, ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдоровлар, Нодирбек Абдусатторов, опа-сингил шахматчилар Нафиса Мўминова, Гулруҳбегим ва Ҳулкар Тохиржонова сингари кўплаб истеъдодли шахматчиларимизнинг маҳорати ошиб, камолотга етишида Ўзбекистон шахмат федерациясига раислик қилган Абдулла Ариповнинг муносиб улуши бор.
Қолаверса, Абдулла Нигматович Ўзбекистонда от спортининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс улушини қўшган юртдошларимиздан саналади.
Маҳалла ёшлари ўртасидаги “Чарм тўп” футбол турнирининг қайта тикланиши, вазирликлар, идоралар, йирик корхона-ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида ўтказиб келинаётган футбол бўйича “Бош вазир кубоги” мусобақасига асос солиниши, замонавий спорт иншоотларининг барпо этилишида ҳам Абдулла Арипов бош-қош бўлган.
Президент фармонига кўра, давлат идораларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий қудратини юксалтириш, муҳим стратегик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги улкан хизматлари, ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси жамоаси Абдулла Нигматович Ариповни бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этади ҳамда уларга мустаҳкам соғлик, тинчлик-омонлик, бахт-саодат, масъулиятли лавозимда ҳамиша муваффақият ёр бўлишини тилайди.