Skip to main content
Yangiliklar

Жаҳон рекорди режаси, Олимпиадага тайёргарлик ёхуд Осиё чемпионати якунларига бағишланган матбуот анжумани

By 27.04.2021No Comments

17-25 апрель кунлари пойтахтимиз оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. 9 кун давом этган мусобақада қитъамизнинг энг кучли атлетлари ғолиблик ва Токио-2020 медаллари йўлида кучли рақобат олиб боришди. Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари мазкур мусобақада 2 та олтин, 7 та кумуш ва 8 та бронза медалларини қўлга киритишди. Руслан Нурудинов эса силтаб кўтариш машқида 241 кг тошни бўйсундириб, янги жаҳон рекордчисига айланди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур мусобақа якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоамизнинг етакчи вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбирни Равшан Ирматов очиб берди.

“Мусобақа юқори савияда ташкил этилди. Айниқса, унда спортчиларимизнинг қайд этган натижалари барчамизни хурсанд қилди. Бунинг ортида жуда катта меҳнат ётибди. Мусобақадаги рақобат ҳам катта бўлди. Буни янгиланган 18 та жаҳон ва 25 та Осиё рекордларидан билиб олиш мумкин. Русланнинг ғалабаси мисолида айтишимиз мумкинки, мусобақада қайд этилган натижалар спортимиз мухлисларини янада жўшқинлантирди. Буларнинг бари ҳукуматимизнинг биз спорт жамоатчилигини қўллаб-қувватлаётганидан”, – деди МОҚ раисининг биринчи ўринбосари.

Шунингдек, Шаҳрулло Маҳмудов чемпионат якунлари бўйича ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Бу Осиё чемпионати биз учун катта мактаб вазифасини ўтаб берди. Унда ҳар бир вакилларимизнинг имкониятларини Олимпиададаги асосий рақобатчиларимизники билан солиштириб, таҳлил қилиб чиқишга имкон бўлди. Токиода қатнашадиган спортчиларимизнинг вазнида асосий рақиблар Осиё ва Европа қитъасидан. Осиё ушбу спортда жаҳонда етакчи эканини айтган эдим. Солиштириш учун, эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасида Осиёда учинчи ўринни олган спортчи Европа чемпионидан 15 кгга яхши натижа қайд этган. Чемпионат пайти асосий эътиборимиз меҳмонларнинг саломатлиги ва хавфсизлигида бўлди. Ҳатто терма жамоамиз нечта медаль қўлга киритганини ҳам эсдан чиқариб қўйдик”, – деди Ш.Маҳмудов.

Шундан сўнг анжуманнинг савол-жавоб қисмига ўтилди. Унда ОАВ ходимлари мусобақа якунлари ва Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик бўйича ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди.

“Машғулотларда силтаб кўтаришда 240 кг натижа қайд этган эдим. Мусобақа давомида мураббийларим билан маслаҳатлашиб, учинчи уринишга 241 кг буюртма беришга қарор қилдик. Шунда ҳам икки курашда асосий рақобатчим Акбардан ўтиб кетган бўламан, ҳам бу машқда янги жаҳон рекордини ўрнатардим. Эндиги мақсадим навбатдаги жаҳон чемпионати ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари ғолиблигига қаратилган. Ҳозир бизнинг вазндаги кучли рақобат жуда ёқимли ҳолатдир. Унда қайси биримиз ғалаба қозонишимиздан қатъи назар бундан фақат ўзбек спорти ютади”, – дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Руслан Нурудинов.

Таъкидлаш жоиз, анжуман аввалида МОҚ раиси терма жамоамиз вакиллари билан учрашиб, Осиё чемпионатидаги иштирок учун спортчиларимизга ўз миннатдорчилигини билдирди ва яқинлашиб келаётган Токио-2020 Олимпиадасида ҳам уларга ёрқин ғалабалар тилаб қолди.

Терма жамоамиз энди 2 кундан сўнг Россиянинг Владивосток шаҳрига ўқув-машғулот йиғини учун жўнаб кетади. Боиси ушбу шаҳар Токио билан бир соат минтақаси ва иқлимда жойлашган бўлиб, атлетларимизнинг Олимпиада олдидан бундай муҳитга мослашиб олиши кўзда тутилган.