Skip to main content
Yangiliklar

Янги Ўзбекистон ёшлари билан “Спорт бизнинг ҳаётимизда” тадбири ўтказилди

By 30.04.2021No Comments

Бугун пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 17-Давлат ихтисослаштирилган мактабининг ўқувчилари Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида меҳмон бўлишди. Ташриф аввалида ўқувчилар МОҚ музейида бўлиб ўзбек спортининг бой тарихи, Олимпия ўйинлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди. Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисмига навбат берилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг ўринбосарлари Сакен Полатов, Азизжон Камилов, Шерзод Ташматов, дзюдо бўйича Пекин-2008 Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби Абдулло Тангриев, таэквондо WT бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, мактаб маъмурияти ва ўқувчилари, шунингдек, бир қатор ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Очилиш қисмида мактаб маъмурияти вакиллари сўз олиб, ўтказилаётган тадбирнинг моҳияти, Президентимиз илгари сураётган 5 ташаббуснинг иккинчи йўналиши бўлмиш жисмоний тарбия ва спорт тарғиботи бўйича ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Тадбир “Спорт бизнинг ҳаётимизда” шиори остида ўтказилди. Унда мактаб ўқувчилари ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида спорт тарғиботига оид чиқишлар, рақслар ва бадиий композициялар намойиш этишди. Айниқса, турли тилларда ўзбек спортчилари ҳақида айтилган маълумотлар, гаджет ва телефонларга берилиб кетиш оқибатида ҳаётимизнинг қанчалик ўзгариб кетиши ҳақидаги саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг МОҚ қошидаги РСТИАМ психологи Дилфуза Исмоилова ўқувчилар учун мотивацион слайдини тақдим қилди.

Ўз навбатида, тадбирга ташриф буюрган таниқли атлетларимиз ёшларга спорт билан шуғулланишнинг аҳамияти, унинг инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари ҳақида гапириб беришди.

Тадбирда МОҚ раиси ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Болажонларимиз билан бугунги тадбир жуда ҳам мароқли ўтди. Истардимки, улардаги иштиёқ йўқолмасин. Президентимиз Сизлар учун Янги Ўзбекистон барпо этмоқда. Унда Сизларнинг спорт билан шуғулланишингиз учун барча имкониятлар мавжуд. Қачонки инсон соғлом бўлсагина бахтли бўла олади. Келажакда оиламиз, Ватанимизни қўриқлаш учун ҳам Сизлар соғлом бўлишингиз лозим. Ўз мақсадингиз йўлида фақат олға ҳаракат ҳаракат қилинг”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Тадбир якунида МОҚ раҳбарияти Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи ва ёшлар орасида оммавий спорт тарғиботини ривожлантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун 17-Давлат ихтисослаштирилган мактаб маъмуриятига ўзининг эсдалик совғаларини тақдим қилди.