Skip to main content
Yangiliklar

Қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

By 24.04.2021No Comments

Бугун Афғонистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Юнус Попалзай ва Тожикистон волейбол федерацияси бош котиби Муҳиб Латипов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Расмийларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди.

Меҳмонлар ташриф давомида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва унинг қошида ташкил этилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг келгуси режалар муҳокама қилиб олинди. Суҳбатда МОҚ раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон теннис федерациясининг бош котиби Ирода Тўлаганова, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев, соҳил волейболи бўйича қозоғистонлик эксперт Дмитрий Воробьев ҳам иштирок этишди.

Кун тартибига мувофиқ, расмийлар “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари, Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик масалалари бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдиришди. Шунингдек, томонлар ўз давлатларида таэквондо, теннис спорт турларини янада ривожлантириш борасида суҳбатлашишди.

Суҳбатда Юнус Попалзай яқинда таэквондо бўйича ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғинининг юқори савияда ўтказилгани учун Ўзбекистон таэквондо ассоциациясига ўз миннатдорчилигини билдириб, қўшма ҳамкорликни Иордания бўлиб ўтадиган лицензион турнир ва Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик доирасида ҳам йўлга қўйишни таклиф қилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистон Миллий Олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шундан сўнг музокараларнинг амалий тасдиғи сифатида Ўзбекистон ва Афғонистон волейбол федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбир якунида МОҚ Бош котиби қўшни мамлакатлар билан йўлга қўйилаётган бундай ҳамкорликдан мамнун эканини билдириб, меҳмонларга эсдалик совғаларини тақдим қилди.