Skip to main content
Yangiliklar

Спорт курашчиларимиз учун Олма-ота турнири муваффақиятли якунланди

By 12.04.2021No Comments

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё қитъаси учун Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақа ўз якунига етди. Хабар берганимиздек, ушбу мусобақада терма жамоамиз Токио Олимпиадаси учун юнон-рум курашида 1 та, эркин кураш дастурида 4 та йўлланма қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Бироз аввал эркин кураш бўйича финал беллашувлари якунланди. Ушбу дастурда 4 нафар полвонимиз олтин медаллар учун курашиш имкониятига эга эдилар. Улар орасида Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) ва Жавраил Шапиев (-86 кг) олтин медалларни қўлга киритган бўлса, Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг) ҳамда Магомед Ибрагимов (-97 кг) кумуш медаль билан тақдирланишди.

Хабарингиз бор, мусобақада финал иштирокчилари натижадан қатъи назар Олимпиада иштирокчисига айланишади. Терма жамоамиз мураббийлар штаби асосий вазифа бажарилгани ва жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида Бекзод Абдураҳмонов ҳамда Магомед Ибрагимовга финалда курашмаслик таклифини билдиришди. Бунинг натижасида ушбу курашчиларимизнинг финалдаги рақиблари беллашувсиз олтин медалга сазовор бўлдилар.

Курашчиларимизнинг ушбу мусобақадаги муваффақиятли иштирокидан сўнг Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритган йўлланмаларимиз сони 36 тага етди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу натижа билан барча мухлисларимиз ва спорт курашлари оиласини самимий қутлаб қолади. Олма-ота турнирида Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган курашчиларимизни эслаб ўтамиз:

Юнон-рум кураши:
-130 кг: Мўминжон Абдуллаев

Эркин кураш:
-57 кг: Ғуломжон Абдуллаев
-74 кг: Бекзод Абдураҳмонов
-86 кг: Жавраил Шапиев
-97 кг: Магомед Ибрагимов