Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мажлислар залида МОҚнинг навбатдан ташқари XXXVIII Бош Ассамблеясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Рашид Толипов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Сакен Полатов ҳамда Азизжон Камилов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг мутасадди раҳбарлари, МОҚ вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди. Ассамблеяни Ойбек Касимов олиб борди ва йиғилиш иштирокчиларини кун тартиби билан таништириб ўтди. Унга кўра, МОҚ раисига биринчи ўринбосар сайлаш ва Қўмита қошида “Спортда аёллар” комиссиясини ташкил этиш кун тартибидан жой олган эди.
Рустам Шоабдураҳмонов биринчи масала юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди ва МОҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали ишлаган, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётган Равшан Сайфуддинович Ирматов номзодини илгари сурди. Тадбир иштирокчилари бир овоздан таклиф этилган номзодни қўллаб-қувватлашди ва Равшан Ирматов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.
Тадбир давомида Баҳодир Махситов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев номзод бўйича ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Ўз навбатида Равшан Ирматов билдирилган ишонч ва эътиборни оқлашга ваъда берди.
“Менга мана шундай юксак ишонч билдирилгани учун муҳтарам Президентимиз ва МОҚ жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Шу пайтгача бошқа ташкилотда бўлса ҳам ягона мақсад йўлида биргаликда фаолият олиб бораётган эдик. Бундан кейин ҳам ўз мақсадларимизни амалга оширишда ҳамкорликда ишлашимиздан хурсандман. Токио Олимпиадаси яқинлашиб борар экан, пулсимиз ҳаяжондан кўпроқ ура бошлаётганини ҳис қиляпмиз. Ишонаманки, Олимпиадада биз бир жамоа бўлиб, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз ва халқимиз, ҳукуматимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади”, – деди Равшан Ирматов.
Шундан сўнг О.Касимов кун тартибидаги иккинчи масала – МОҚ қошида “Спортда аёллар” комиссиясини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Маълумки, ҳозирда спортга хотин-қизларни янада кенг жалб қилиш, бу орқали аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш нафақат ҳукуматимиз, балки Олимпия ҳаракатининг ҳам асосий ғояларидан бўлиб турибди. МОҚ Бош котиби ташкил этилаётган комиссиянинг фаолияти, ҳозирда ўзбек спортида, хусусан, бошқарув лавозимларида Танзила Норбоева, Саида Маҳмудова, Ирода Тўлаганова, Елена Кун каби аёлларимизнинг кўпайиб бораётганини ҳақида тўхталиб ўтди. Комиссиянинг тузилиши ҳам Бош Ассамблея иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг Рустам Шоабдураҳмонов бугунги кун тартибидаги масалалар, қолаверса, Токио-2020 Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик масалалари бўйича гапириб ўтди.
“Олдимизда катта вазифа турибди. Рио-2016даги натижаларимиздан хотиржамликка берилмаслигимиз, Токио-2020га ҳам муносиб тайёрланишимиз лозим. Шу боис барча федерация ва ассоциация мутасаддиларидан ҳафта якунигача Олимпиадада керак бўладиган спорт формаларидан тортиб, дори воситаларигача бўлган зарур нарсалар рўйхатини тақдим қилишингизни сўраб қоламиз. Йирик мусобақа ва йиғинлардан кейин имкони бўлса спортчиларимизни марказлашган базада сақлаб туришимиз керак. Уларни ташқи алоқадан камроқ сақлайлик. Олимпиадага оз вақт қолди. Агар уларнинг бирортаси коронавирус юқтириб олса, мусобақагача тиклашга улгурмаймиз. Шу боис, мазкур масалага жиддийроқ эътибор қаритишингизни сўраб қоламиз. Ҳукуматимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Яқинда Ёшлар ишлари агентлиги билан Ўзбекистон спорт мухлислари ассоциациясини ташкил қилдик. Келажакда ҳар бир спортда профессионал клублар фаолиятини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз”, – деди МОҚ раиси.
Шунинг билан МОҚнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади.