Маълумки, пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежи (РОЗК) терма жамоаларимизга иқтидорли ёшларни тарбиялаб берадиган энг асосий даргоҳлардан бири. У ерда камол топаётган ёш қалдирғочлар ўзбек спортининг эртаси ҳисобланади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ушбу масканда бўлиб, ёш атлетлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ташрифда коллеж директори Мурод Алиев МОҚ раисига ҳамроҳлик қилди.
Мутасаддилар даставвал, делегациямизнинг байроқдор турлари бўлмиш дзюдо, бокс, спорт курашлари бўлимига ташриф буюриб, ёш спортчиларимиз олиб бораётган машғулотларни томоша қилишди. Шунингдек, улар билан суҳбатлашиб, келажакдаги орзулари ҳақида фикр алмашишди.
“Муҳтарам Президентимиз Сиз ёшларни жуда кучли қўллаб-қувватламоқдалар. Ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз сари фақат олға ҳаракат қилинг. Давлатимиз ёшлар учун барча шароитларни яратиб беради. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг умидли ёшларисиз. Келажакда ўз ғалабаларингиз билан миллионлаб юртдошларимизни хурсанд қилишингизга тилакдошмиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
МОҚ раиси коллежни айланар экан, у ерга фарзандидан хабар олиш учун келган ота-оналар билан ҳам суҳбатлашди. Шунингдек, масканда олиб борилаётган машғулотлар жараёнини ҳам кузатиб, баъзи йўналишларда спорт инвентарларини янгилаш, спортчиларнинг овқатланиш харажатларини қайтадан кўриб чиқиш бўйича ўз фикрларини билдирди.