Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раиси малака ошириш маркази фаолияти билан танишди

By 23.04.2021No Comments

Ёш спортчиларга ўқитиш, келажакда уларнинг юқори натижаларга эришишини таъминлаш йўлида кўпчиликнинг хизмати катта. Улар орасида спортчиларга билим берадиган мураббийларнинг хизматини алоҳида таъкидлаш ўринли. Замон шиддат билан ривожланиб борар экан бунда илғор спорт ютуқларидан хабардор бўлиш, методикаларни ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази бу йўналишдаги юртимизнинг асосий таълим масканларидан ҳисобланади. Бу ерда йилига юзлаб мутахассислар замонавий спорт ютуқлари бўйича ўз билимларини ошириб қайтишади. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ушбу Марказга ташриф буюриб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

МОҚ раисини Марказ директори Илҳомжон Турсуналиев қарши олди. Директор суҳбат давомида МОҚ раисини Марказнинг фаолияти билан яқиндан таништирди, яқин истиқболдаги режа ва мақсадлар ҳақида гапириб берди. Ҳозирда Марказга туташган ҳудуддаги бўш жойдан унумли фойдаланиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақт ичида бу ҳудуд замонавий спорт майдонларига айланади ва Марказда малака ошираётган мутахассислар назарий дарслар қатори қулай шароитларда амалий жараёнларни ҳам олиб боришлари мумкин бўлади. Рустам Шоабдураҳмонов бу ердаги ишларни кузатар экан, лойиҳаларга юқори баҳо берди.

“Муҳтарам Президентимиз Янги Ўзбекистон барпо этмоқдалар. Бунда биз спорт соҳасидаги ютуқларимиз билан ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Токио Олимпиадасидан сўнг олдимизда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари турибди. Уларга тайёрланишда шубҳасиз, мазкур масканнинг ҳам ўрни катта. Бу ерда ўз билимларини бойитган мутахассис кадрларимиз эртага иқтидорли ёшларни тарбиялаб беришади. Кучли Олимпия захираларини тайёрлашда Сизларнинг ҳам ўрнингиз улкан. Миллий Олимпия қўмитаси бу борада ҳамкорликда ишлашга тайёр”, – деди МОҚ раиси.

Суҳбат давомида спорт турлари бўйича замонавий методикага асосланган дарсликларни чоп этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, етук спортчилар қилиб тарбиялай оладиган малакали кадрларни тайёрлаш каби масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди.