Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов Тошкент вилояти, Тошкент туманига ташриф буюрди. Ундан кўзланган мақсад ушбу ҳудудда қад ростлаган “Универсал” спорт мажмуасида ёшлар учун яратиб берилган шароитлар ва объектнинг фаолияти билан танишиш бўлди. Ташриф давомида Баҳодир Махситов Тошкент тумани ҳокими Одилхон Рустамов ва вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Комилжон Адилов билан учрашди.
Мутасаддиларнинг ўзаро суҳбати давомида ёшларимизни спортга янада кенг жалб қилиш, бунда фахрийларимизнинг бой тажрибасидан фойдаланиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мажмуада мини-футбол, бокс, спорт курашлари, бадминтон, дзюдо, стол тенниси, волейбол каби спорт турлари бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш мумкин. Баҳодир Махситов ташриф давомида у ерда фаолият олиб бораётган мураббий ва ёш спортчилар билан кўришиб, машғулотлар жараёни, режалари ҳақида суҳбатлашди.
Мутасаддилар ёшлар билан мулоқотда уларнинг спорт билан шуғулланиши учун Президентимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётгани, ҳукуматимизнинг спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган ҳақида гапириб, уларнинг келажакдаги фаолиятида омад тилаб ўтишди.
Учрашув якунида бир гуруҳ спорт фидойиларига Ўзбекистон спорт фахрийси кўкрак нишонлари топширилди.