Skip to main content
Yangiliklar

“Аҳмадалиев-Иваса” шоусидан аввал расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди

By 01.04.2021No Comments

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида 3 апрель куни ташкил этиладиган бокс оқшомига бағишланган расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти, кечада жанг қилувчи боксчилар, DAZN “Matchroom” компанияси мутасаддилари ва 50 дан ортиқ ОАВ ходимлари қатнашишди.

Кечанинг марказий жанги иккинчи енгил вазн тоифасида WBA ва IBF камарлари соҳиби, ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) ва япониялик Рёсукэ Иваса (27-3, 17 КО) ўртасида кечади. Жанг афишаси аллақачон бутун дунё бўйлаб янграб бўлди ва бўлажак беллашув DAZN платформаси орқали 200 дан ортиқ мамлакатларга жонли эфирда узатилади.

Тадбир аввалида бокс оқшомининг ташкилотчиларидан бўлган “Matchroom” мутахассислари ҳам юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталиб ўтишди. Анжуман давомида кечада рингга кўтариладиган ҳар бир боксчиларимиз сўзга чиқиб, пойтахтимизда мана шундай юксак даражадаги кечани ташкил қилиб бераётган ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтишди. Шунингдек, боксчиларимиз 3 апрель кечасида бир-биридан чиройли ғалабаларни тақдим қилишга ваъда бердилар. Шубҳасиз, улар орасида марказий жанг иштирокчиларининг фикри кўпчиликни қизиқтирди.

“Чемпионлик камаримнинг илк ҳимояси Ўзбекистонда, мухлисларимиз кўз ўнгида ўтаётганидан хурсандман. Биз боксчиларимиз учун бундай имкониятни тақдим қилаётган Президентимизга барчамизнинг номимиздан миннатдорчилик билдириб қоламиз. Худо хоҳласа, бунга жавобан мухлисларимизга чиройли ғалабалар тақдим қилишга ваъда берамиз. Шунингдек, рақибларимизга жангга ташриф буюришгани учун миннатдорчилик билдирамиз”, – деди Муроджон Аҳмадалиев.

Муроджоннинг рақиби Рёсукэ Иваса ҳам анжуман давомида фикрлари билан ўртоқлашди:

“Икки йўналиш чемпионлигини қўлга киритиш учун рингга кўтарилиш мен учун шараф. Пандемия даври бўлишига қарамасдан Ўзбекистон ушбу жангни ўзида ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатди. Бўлажак жангда ғалаба қозониш учун боримни бераман”.

Эслатиб ўтамиз, 3 апрель оқшомида қуйидаги жуфтликлар рингга кўтарилишади:

Муроджон Аҳмадалиев – Рёсуке Иваса (Япония)
Шаҳрам Ғиёсов – Патрисио Лопес Морено (Мексика)
Исроил Мадримов – Эммануэль Каломбо (Конго)
Баҳодир Жалолов – Кристапс Зутис (Латвия)
Ҳасанбой Дўсматов – Мусҳин Кизота (Танзания)
Иқболжон Холдоров – Кулва Бушири (Танзания)
Санжар Турсунов – Иван Юхта (Украина)
Миразизбек Мирзахалилов – Таша Мжуажи (Танзания)