Skip to main content
Yangiliklar

“Ёшлар ижод саройи”да 5 ташаббуснинг икки йиллиги кенг нишонланмоқда

By 19.03.2021No Comments

2019 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги «Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббус» ғояси илгари сурилиб, у кенг жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган эди. Шу кунларда пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да ушбу ташаббус татбиқ этилганининг 2 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур ташаббуснинг қабул қилиниши ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалалари бўйича катта имкониятлар эшигини очди. Бу ҳақида тантанали тадбирда иштирок этган мутасаддилар алоҳида тўхталиб ўтишди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттаханова, таниқли ишбилармонлар, машҳур спортчилар ва юзлаб ўзбек ёшлари катнашишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, бу орқали уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ошириш ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Муҳтарам Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус эълон қилинганига ҳам 2 йил бўлибди. Бу вақт ичида ушбу ташаббусда белгилаб берилган барча йўналишларда ҳамжиҳатликда улкан ишларни амалга оширмоқдамиз. Маълумки, унинг иккинчи йўналиши жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилган бўлиб, бу орқали барпо этилаётган Янги Ўзбекистон фуқаролари соғлом ва бақувват бўлишлари назарда тутилган. Президентимизнинг топшириқлари асосида юртимиз ёшларини спортга кенг жалб қилиш мақсадида пойтахтимизда турли йирик спорт мусобақаларини ташкил қилмоқдамиз. Улардан бири 3 апрель куни ўтадиган профессионал бокс кечаси бўлса, апрель давомида оғир атлетика, бадиий гимнастика ва қиличбозлик бўйича ҳам яна кўплаб катта халқаро мусобақалар кутиб турибди”, – деди МОҚ раиси.

Шунингдек, Рустам Шоабдураҳмонов ёшларга мурожаат қилар экан, қуйидагиларни қўшимча қилди:
“Ҳозирда Сизларнинг илм олишингиз, билимингизни бойитишингиз, ўз бизнесингизни юритишингиз, спорт билан шуғулланишингиз учун юртбошимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Биз ҳам ўз ўрнида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда январь ойидан бошлаб “Спортни сев, спорт билан яша!” Республика оммавий спорт мусобақасини бошладик. Ушбу лойиҳамиз юртимизнинг барча туман ва маҳалла ёшларини қамраб олмоқда. Республикамизнинг чекка ҳудудлари қатори Мўйноқдаги таълим масканлари ва туман ёшлари орасида ҳам оммавий спорт мусобақаларини ўтказиб келмоқдамиз. Шунингдек, муҳтарам юртбошимиз сўнгги маърузаларида ёшларимизнинг маънавий билимларини ошириш бўйича ҳам кўп таъкидламоқдалар. Бунинг учун энг аввало Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Абдулла Қодирий, Мутал Бурхонов, Ойбек, Ғафур Ғулом каби миллатимиз дарғалари қатори Александр Пушкин, Уильям Шекспир, Иоган Гёте, Рембрант, Штраус, Ван Гог каби жаҳон тан олган даҳолар хаёти ва ижодини ўрганинг ва бу билан ўз дунёқарашингизни кенгайтиринг. Азиз ёшлар, Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган Наврўз айёми билан самимий муборакбод этамиз. Сизларга мустаҳкам соғлик, чексиз куч-ғайрат ва улкан зафарлар тилаб қоламиз. Янги Ўзбекистонга – Янги ғалабалар ёр бўлсин!”

Шундан сўнг мутасаддилар ва ёшлар ўртасида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда расмийлар юртимизда спортга қаратилаётган эътибор, ёшлар учун келажакда йўлга қўйилиши кутилаётган лойиҳалар ҳақидаги қизиқарли саволларга жавоб бериб ўтишди.

Шунингдек, тадбирда каратэ, дзюдо, шахмат ва “стрит-воркаут” бўйича кўргазмали чиқишлар ташкил қилинди. Рустам Шоабдураҳмонов тадбир ташкилотчилари ва чиқиши билан илиқ таассурот қолдирган воркаутчиларга МОҚнинг эсдалик совғасини топширди.