Skip to main content
Yangiliklar

Янги Ўзбекистон – янги ғалабалар! “Ҳумо арена” бокс оқшомини қарши олишга “ясанмоқда”

By 31.03.2021No Comments

3 апрель куни ўтажак профессионал бокс оқшомига мезбонлик қилувчи “Ҳумо арена” муз саройи ҳар қачонгидан ҳам чиройли кўриниш олмоқда. Ҳозирда аренани жангга безатиш ишлари якунига етмоқда.

Шуни олдиндан айтиш мумкинки, мухлисларни 3 апрель куни фантастик кеча кутиб турибди. Арена остонасидан томошабинлар бокс оламига тушиб қолгандек бўлишади. “Ҳумо арена”нинг фойеси бой тарихга эга ўзбек бокси ҳақида маълумот берувчи кўргазмалар билан безатилмоқда. Ҳар қадамда кечанинг асосий қаҳрамонлари ҳақида маълумотлар ёзилган баннерлар, турли хил қизиқарли реклама ва суратлар, эсдалик учун суратга тушгани боксга оид фотоҳудудларни кўриш мумкин.


Арена ичида ҳам катта кўламда ишлар амалга оширилмоқда. Марказдаги ринг 3 апрель қаҳрамонларини кутмоқда. Ҳозирда асосий майдоннинг сўнгги безатиш ишлари қолган холос. Кечада мухлислар профессионал боксга оид турли шоуларни томоша қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда илк бор ташкил қилинаётган бундай бокс оқшомининг марказий жангида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев WBA ва IBF камарларини япониялик Рёсукэ Ивасадан ҳимоя қилади. Қолган жангларда эса Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоров, Элнур Абдураимов каби боксчиларимиз рейтинг баҳсларини ўтказишади.

Эртага пойтахтимиздаги «Hilton» меҳмонхонасида «Matchroom» компанияси мутасаддилари ва боксчилар иштирокида расмий матбуот анжумани, 2 апрель санасида вазн ўлчаш маросими бўлиб ўтади. 3 апрель куни соат 17:30 дан кечанинг илк жанги бошланади.