Skip to main content
Yangiliklar

Вилоятлардаги инфратузилма, Токиога тайёргарлик ва бошқа мавзулар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди

By 31.03.2021No Comments

“Ўзбекистон спортчиларини Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашни ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича” Республика комиссияси йиғилишининг баёнотида белгиланган вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов олиб борди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Рашид Толипов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, ЎзМАДА, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидан Наманган ва Навоий вилоятлари мисолида Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар сони, ҳудудларда соғлом турмуш тарзи ва Олимпия ҳаракати тарғиботини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар, ҳар бир федерацияларда Токио Олимпиадасига кўрилаётган тайёргарлик жараёни, муаммоларни ўрганиш, антидопинг масалалари, “Шантау-2021” ва “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари каби мавзулар ўрин олди.

Бир неча ой муқаддам Вазирлар Маҳкамаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, МОҚдан иборат ишчи гуруҳ Наманган ва Навоий вилоятларига ташриф буюриб, у ерлардаги спорт инфратузилмаси билан яқиндан танишган ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Йиғилиш давомида ўша вазифалар ижроси айни пайтда қандай олиб борилаётгани муҳокама қилинди.

Шунингдек, кун тартибидаги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масаласи ҳам ҳар бир федерациялар мисолида атрофлича кўриб чиқилди. Суҳбат давомида Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов Паралимпия спортини чекка ҳудудларда ҳам оммалаштириш, вилоят бўлимларини очиш ва штат бирликларини шакллантириш, уларни молиялаштириш бўйича таклифни илгари сурди. Ўз навбатида, мутасаддилар ушбу таклифни маъқуллаб, ҳудудларда Паралимпия спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўрилишини таъкидлашди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов 2020 йил давомида олинган допинг таҳлиллари, уларнинг нечтаси ижобий натижа кўрсатгани борасида маълумот берди. Ижобий таҳлилларнинг аксарияти қўшимча биологик озуқалардан аниқлангани учун Нодир Турсунов атлетларимизга берилаётган озиқ-овқат ва фармакологик маҳсулотлар таркибини янада жиддий ўрганиш бўйича эслатма қилиб ўтди. Тадбир давомида МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков ҳам тиббиёт соҳасида Токио Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик, мураккаб эпидемиологик вазиятда базаларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

«Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори Ойбек Касимов ҳам ушбу йўналишдаги ишлар билан яна бир бор таништириб ўтди.

“Бўлажак мусобақага Тошкент шаҳри ва вилоятининг кесишган нуқтасидан 180 гектар жой ажратилиб, махсус Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Режага кўра, ушбу марказда 25 та янги спорт объекти қад ростлайди. Ҳозирда ҳокимлик ва Қурилиш вазирлиги мутасаддилари билан марказ лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда”, – деди МОҚ Бош котиби.

Якуний сўз ўрнида Равшан Ирматов барчани келгусида ўз ишига янада масъулият ва эътибор билан қарашга чорлаб ўтди.