Skip to main content
Yangiliklar

Соғлом турмуш тарзи – Учинчи Ренесансни шаклантиришда ҳаётий муҳим омил

By 17.03.2021No Comments

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳамма соҳаларда мисли кўрилмаган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Бу янги Ўзбекистонда янги Уйғониш даврига асос солмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,  “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”.

Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ушбу миллий ғоямизнинг асосий устунларидан бири деб эътироф этилганлиги чуқур маънога эга.

Авваллари бутун жаҳонда фаровон мамлакат дейилганда фақат иқтисодиёт ва меҳнат самарадорлигининг ўсиш суръати, ялпи ички маҳсулот ҳажми  ва аҳоли жон бошига ўртача даромаднинг юқорилиги тушунилган. Аммо XXI асрда биргина иқтисодий ўсишнинг ўзи ҳалқ фаровонлигининг мезони бўла олмаслиги, олинган даромад  бошқа мақсадларга, жумладан асосан ҳарбий қудратга эришиш учун қуролланишга, ёки бир гуруҳ  коррупционерларнинг янада бойишига  сарфланиши мумкинлиги маълум бўлиб қолди.

Натижада Нобель мукофоти лауреати Амартья Кумар Сен ва покистонлик машҳур иқтисодчи Маҳбуб ул-Ҳақ томонидан Инсон тараққиёти концепцияси илгари сурилди. Бу ғоя жамият ривожланишининг марказига фақатгина оддий иқтисодий кўрсаткичларни ошириш  эмас, аксинча энг аввало   инсон, унинг камол топиши, баҳтиёр ҳаёт кечириши, умрбоқий бўлиши кераклигига асосланган.

Инсон тараққиётини белгилайдиган  индекс мамлакат эришган натижаларининг уч йўналиши ўртача даражасини: саломатлик ва узоқ умр кўриш (умр давомийлиги), таълим сифати ва даражаси (таълим олиш давомийлиги) ҳамда муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш даражаси (аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад) бўйича баҳоланади.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ривожланиш дастури томонидан ишлаб чиқилган сўнгги – 2019 йилги Инсон тараққиёти рейтингида жаҳоннинг 189 мамлатаи ўртасида 106-ўринни эгаллаган. Шуниси эътиборлики, ушбу рейтингнинг шоҳсупасида иқтисодий жиҳатдан энг қудратли ҳисобланган АҚШ, Хитой, Германия эмас, балки сиёсатининг устувор йўналиши фуқароларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўлган Норвегия, Ирландия ва Швейцария турибди.

Рейтингга киритлган мамлакатлар уларнинг ривожланиш даражасига шартли равишда тўрт  гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ – “жуда юқори инсон тараққиёти” кўрсаткичига эга давлатлар бўлиб, пешқадам 62 та мамлакатни ташкил этади.  Ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси” лойиҳасида мамлакатимизнинг  ушбу  рейтингда 40 ўринга кўтарилиши мўлжалланган. Ана шу натижага эришишда асосий энг муҳим ҳаётий омил сифатида жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш белгиланган.

Ўрта асрлардаёқ Шарқдаги илк Уйғониш даврининг буюк алломаси Абу Али ибн Сино “Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди. Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт”, деб уқтирган эди. “Тиббиёт отаси” деб тан олинган кўҳна даврнинг мутафаккири Гиппократ ҳам “Гимнастика, жисмоний машқлар, пиёда юриш меҳнат қобилиятини ва саломатлигини сақлаб қолмоқчи бўлган, чинакам ва шодмон ҳаёт кечиришни хоҳлаган ҳар бир одамнинг кундалик турмушидан мустаҳкам ўрин олмоғи лозим” деб тавсия берганлиги бежиз эмас.

Аслида соғлом турмуш тарзи дейилганда саломатликни сақлаш, касалланишларнинг олдини олиш, умуман инсон организмини жисмоний фаоллик орқали мустаҳкамлаш тушунилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра,  инсон саоматлигининг 20 фоизини яшаётган жойидаги муҳит, 10 фоизини соғлиқни сақлаш тизими, 50 фоизини эса соғлом турмуш тарзи белгилайди. Олимларнинг тадқиқотлари, шунингдек соғлом турмуш тарзи, инсон умрини Германияда 40 ёшдан сўнг 10-12 йилга, АҚШда 50 ёшдан сўнг 12-14 ёшга узайтиришидан далолат берган.

Соғлом турмуш тарзининг бош омили ҳисобланган жисмоний фаоллик жисмоний машқларни, сайрларни, фаол транспортдан (велосипеддан) фойдаланишни назарда тутади. Физиологлар жисмоний фаолликнинг ҳар бир соати умрни 2-3 соатга узайтиришини ҳам исботлаганлар.

Бунда жисмоний фаоллик ҳафтасига камида 2,5 соатни (ҳафтанинг беш кунида кунига 30 дақиқадан) ташкил этиши шарт. Шу билан бирга кунига камида 1 соат юриш (яъни тахминан 8000-10 000 қадам) тавсия этилади. Бунинг учун, масалан агар жамоат транспортидан фойдаланиладиган бўлса, бориладиган жойдан 1-2 бекат илгари тушиб, қолган масофани  яёв юриб, босиб ўтиш мумкин.

Фан-техника тараққий этиб, қўл меҳнати муттасил камайиб бораётган ҳозирги пайтда жисмоний фаоллик ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг текширишлари  бугунги кунда курраи заминимиздаги ҳар тўрт инсондан бирининг жисмоний фаоллиги халқаро тавсияларда белгиланган мезонларга мувофиқ эмаслигини кўрсатган. Шунингдек юрак хасталигининг 30 фоизи, қанд касаллигининг (диабет) 27 фоизи, йўғон ичак касаллигининг 25  фоизи   бевосита жимоний фаолликнинг етишмаслиги билан боғлиқ экан.  Агар бутун инсоният жисмоний фаол бўлганида йилига 5 миллион одам ўлимига йўл қўйилмаган бўлар экан.  Бу, айниқса ёш авлодга тааллуқлидир. Дунёдаги ўсмирларнинг 80 фоизида жисмоний фаоллик етишмаслиги аниқланган.

Шунинг учун  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёшга нисбатан жисмоний фаоллик кўрсаткичларини ишлаб чиққан. Хусусан, 5 ёшгача бўлан болаларга кунига 3 соат, 5-17 ёшдагиларга –  камида 1 соат аммо жадаллик  билан, 18-64 ёшдагиларга ҳафтасига ҳудди шундай 5 соат  жисмоний фаоллик билан шуғулланиш тавсия  этилган.

Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар доирасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантиришга биринчи даражали эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари беш ташаббусининг иккинчиси – аҳолини, айниқса ёшларни  жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш учун  спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида  ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қурилмоқда. Юртимиздаги умумтаълим мактабларида 7151 та спорт  тўгаракларининг  фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу  йўналишга 24,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

COVID-19 коронавирус пандемияси жамиятда соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликни қарор топтиришнинг ниҳоятда катта аҳамиятга эга эканлигини яққол кўрсатди. Бу хасталик, биринчи навбатда,  жисмоний фаоллик етишмаслиги оқибатида юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари касалликларга члинганлар  ҳамда ортиқча вазнга эга бўлганларга ҳалокатли таъсир қилди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида  Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш учун   ҳар бир оила, маҳалла, туман ва шаҳарда, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хусусан,  ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”  ташкил этилмоқда. Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида  босқичма-босқич барча туманларда аҳоли учун қулай бўлган кўчаларда умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этилади. Ушбу мақсадлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан  20 миллион АҚШ доллари миқдорида фоизсиз ссуда ажратилади.

Аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда  юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, маҳалла ва кўча фитнеси спортнинг устувор турлари сифатида белгиланди. Шунингдек,  таълим муассасаларида дарслар оралиғида “Спорт дақиқаси” жисмоний машқлари, дарслар бошланишидан олдин нафас олиш машқларини ўтказиш амалиётга жорий этилмоқда. Корхона ва ташкилотларда жамоа шартномаларига мувофиқ  иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари ўтказилиши  йўлга қўйилмоқда.

Бунинг учун учун Давлат бюджетидан 2021 йилнинг ўзида ҳар йили 104 миллиард сўмдан, шу билан бирга жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллиард сўмдан маблағлар ажратилади. Шунингдек, умумтаълим мактабларига 50 та спорт зали қурилиши учун 100 миллиард сўм, спорт таълим муассасаларига 48 та спорт иншооти қурилиши учун 400 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларни қуриш бўйича тасдиқланган амалдаги шаҳарсозлик нормаларига замонавий спорт, шу жумладан юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, маҳалла ва кўча фитнеси замонавий майдончалари ташкил этиш киритилмоқда. Йилнинг ҳар чорагида  туман ва шаҳарларда “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танлови ташкил этилиб, унинг ғолиблари моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб борилади.

Ушбу кенг кўламли тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида 2025 йилгача мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилотлари ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш таъминланади. Бу жамиятимизда соғлом турмуш тарзи қарор топишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист