Skip to main content
Yangiliklar

РСТИАМ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди

By 17.03.2021No Comments

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) терма жамоаларимиз спортчилари ва халқимиз учун хизмат қилмоқда. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Марказ директори Абдушукур Садиков билан истиқболдаги режаларни муҳокама қилиб олди. Йиғилишда МОҚ ҳамда РСТИАМнинг молия-иқтисод йўналиши бўйича мутасаддилари ҳам иштирок этишди. А.Садиков учрашув аввалида Марказнинг сўнгги йилларда олиб бораётган фаолияти, спортчилар ва халқимиз учун қандай йўналишларда хизмат кўрсатаётгани борасида яқиндан маълумот берди. Шундан сўнг МОҚ раиси камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, келгусида янада сифатли ишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

“Барча жабҳа қатори спорт тиббиёти ҳам ривожланиб бормоқда. Биз ҳам ўсишда давом этишимиз лозим. Замонавий техникалар, янгича методикалар устида ишлайлик. Аҳолимиз ва спортчилар учун нима кераклигини ўрганиб чиқишимиз керак. Мисол учун, марказимизнинг ўзида дорихонанинг йўқлиги ҳам мижозларимиз учун бироз ноқулайлик туғдиради. Пандемия даври бошлангандан бери барча ўз соғлиғига янада аҳамиятли бўлишни ўрганди. Бу ерга келган одам, барча масалаларига ечим топиб кетса, биз учун ютуқ бўлади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбат давомида МОҚ раҳбарияти томонидан Марказдаги барча ходимларнинг штат бирлигини яхлитлаш, улар оладиган ойлик маошларни қайта кўриб чиқиш ва зарур бўлса кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, зарур замонавий техник ускуналарни харид қилиш учун оптимал вариантлар юзасидан таклиф киритиш борасида кўрсатмалар берилди. Шунингдек, фармакология бўйича янги методикаларни ўрганиш, спортчиларимиз учун хориждан келадиган дори воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўсимликлар кимёси институти билан ҳамкорликда ишлаш, спортчиларимизнинг саломатлигини янада қаттиқ назоратга олиш кераклиги таъкидланди.