Президентимиз бошчилигида 2025 йил Тошкентда ўтажак ёшлар Осиё ўйинларига улкан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Юртбошимизнинг топшириқларига биноан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорликда кенг кўламдаги ишларни йўлга қўйди. Шубҳасиз, бўлажак мусобақага тайёргарлик доирасида халқаро ташкилотлар билан ҳамфикр бўлиш талаб этилади. Бу борада Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) энг асосий ҳамкорлардан биридир.
Ўзбекистон томони ва ООК раҳбарияти ўртасида мусобақага тайёргарликни пухта ташкил қилиш юзасидан онлайн учрашув ташкил қилинди. Унда ООК Бош директори Ҳусайн Ал Мусаллам, Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон, МОҚлар билан ишлаш департаменти директори Винод Кумар, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.
Учрашув кун тартибига мувофиқ “Тошкент-2025” дастурига кириши кутилаётган спорт турлари ва бу борада ООКнинг тавсиялари, мусобақани ўтказиш бўйича халқаро талаб ва қоидалар, телевидение ва беллашувларни трансляция қилиш, тайёргарликни ўрганиш учун ООК махсус гуруҳининг ташрифи мавзуларида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Онлайн йиғилишда Ойбек Касимов мусобақа ташкилий масалалари, олиб борилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан ООК расмийларига маълумот берди. Шунингдек, мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик бевосита ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилаётгани, комплекс режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Olympic.uz