Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ ва Вазирлик раҳбарияти Олимпия шон-шуҳрати музейи ва гимнастика саройини кўздан кечирди

By 17.03.2021No Comments

Ўзбек ва бутунжаҳон Олимпия ўйинлари тарихини ўзида акс эттирган пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида ҳозирда катта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов бошчилигидаги мутасаддилар, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов музейда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Меҳмонларни музей директори Гулноза Аҳматова қарши олди.

Таъкидлаш жоиз, муҳтарам Президентимиз сўнгги йиғилишларида маънавият-маданият, спорт соҳаларига янада катта аҳамият қаратмоқдалар. Олимпия шон-шуҳрати музейи эса ҳар икки йўналишни ўзида жамлаган объектдир. Бу музей орқали ташриф буюрувчилар халқимиз ва пойтахтимиз меҳмонлари учун Олимпия ўйинлари тарихи, унда ўзбекистонлик спортчиларнинг қўлга киритган муваффақиятлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишлари мумкин. Мутасаддилар музейнинг реконструкция лойиҳалари, унинг янги қиёфаси билан танишишар экан, у орқали ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишларини янада уйғотадиган қўшимча экспонатлар, кўргазмаларни кўпайтириш борасида ўз фикрларини билдиришди.

Мутасаддиларнинг кейинги ташрифи Гимнастика саройига амалга оширилди. Уларга Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Руслан Мустаев ҳамроҳлик қилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу маскан сўнгги бир неча ой ичида коронавирусга чалинган минглаб ҳамюртларимизни қабул қилди. Ҳозирда сарой яна спортчиларимиз билан гавжум. Гимнастика бўйича турли ёш тоифаларида вакилларимиз анъанавий машғулотларга қайтишган. Шу жумладан, улар орасида Екатерина Пирожкова мураббийлигидаги қизларимизни ҳам учратиш мумкин. Рустам Шоабдураҳмонов ва Равшан Ирматов россиялик мураббий билан суҳбатлашишар экан, жамоамизнинг 13-18 апрель кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Жаҳон кубоги босқичи ва Олимпия ўйинларига лицензия берувчи бошқа мусобақаларга тайёргарлиги билан яқиндан танишишди.

“Сизларни яна севимли уйингизга қайтганингиз билан табриклаймиз. Насиб қилса, ушбу аренада Янги Ўзбекистон учун янги ғалабаларингизни тақдим қиласизлар деган умиддамиз. МОҚ ҳамда Вазирлик бу борада керакли шароитларни яратиб беришга тайёр. Яқинлашиб келаётган мусобақада бутун халқимиз Сизлардан чиройли ғалабалар кутишмоқда”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Таъкидлаш жоиз, Гимнастика саройи Жаҳон кубогидан сўнг яна бир нуфузли мусобақани қабул қилади. Ушбу аренада 24-26 апрель кунлари қиличбозлик бўйича Осиё қитъаси учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи лицензион мусобақа бўлиб ўтади. Мутасаддилар ташриф давомида объектнинг жорий мусобақаларни қабул қилишга шайлиги, унинг имкониятларини яна бир бор кўздан кечиришди.