Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ қошида “Аёллар ва спорт” комиссияси ташкил этилмоқда

By 18.03.2021No Comments

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) сўнгги 25 йил ичида ташкилот аъзолари ва Олимпия ҳаракатида аёлларнинг иштирокига алоҳида аҳамият бериб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар салмоқли кўрсаткичларни қайд этмоқда. Жумладан, ХОҚ тизимида фаолият олиб бораётган аёллар сони 2019 йил 45,4% ни ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 47,7 га кўтарилди. Париж-2024 Олимпия ўйинларидан бошлаб гендер тенгликни таъминлаш мақсадида эркак ва аёл спортчилар сони мутлақо тенглашади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ҳам мазкур йўналиш бўйича катта қадамлар ташланмоқда. Бугун МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирокида Қўмита қошида “Аёллар ва спорт” комиссиясини очиш мавзуга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси бош котиби Ксения Гулямова, Қўмитанинг Халқаро алоқалар, юридик ва кадрлар билан ишлаш департаментлари вакиллари ва Қўмитанинг аёл ходимлари иштирок этишди.

 

Йиғилишда кун тартибига мувофиқ тузилажак “Аёллар ва спорт” комиссиясининг мақсади ва вазифалари, мажбуриятлари, бу борадаги хориж тажрибалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, суҳбат давомида хотин-қизларни спортга кенг жалб қилиш, федерация ва ассоциациялар бошқарувида уларнинг ролини кўпайтириш, комиссия фаолиятини тартибга солувчи керакли ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни тузиш ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Йиғилиш якунида ушбу масалалар юзасидан МОҚ Ижроия қўмитасига керакли ҳужжатларни тақдим қилиш бўйича келишиб олинди.