Skip to main content
Yangiliklar

III Наврўз халқаро марафонига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

By 25.03.2021No Comments

28 март куни пойтахтимизда учинчи бор Наврўз халқаро марафони ташкил қилинади. Ҳар йили анъана тусига кириб бораётган ушбу мусобақанинг трассаси халқаро сетрификатга эга бўлиб, унда Олимпиада нормативини бажарган иштирокчилар Токио-2020 иштирокчисига айланиши мумкин. Демакки, унинг аҳамияти анча юқори. Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ушбу халқаро марафонга бағишланган брифинг ташкил қилинди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, Вазирлик, Қўмита ва Федерацияси мутасаддилари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Равшан Ирматов сўз олиб, ушбу мусобақани ташкил қилишдан кўзланган мақсад, у орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби устувор режалар ҳақида тўхталди. Шунингдек, дам олиш куни ҳамшаҳарларимиз учун ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида мусобақа эрта тонгдан ташкил қилиниши, бунинг учун ташкилий қўмита номидан юртдошларимиздан узр сўраб ўтди. Шундан сўнг ташкилий қўмита вакиллари мусобақа бўйича тақдимот намойиш қилишди.

Унга кўра, бу йилги пойгада илк бор экиден марафони ҳам ташкил қилинади. Бунда 42 км, 195 метр масофа 6 қисмга бўлинади ва жамоалар ўз иштирокчилари билан энг яхши вақтни қайд этишга уриниб кўришади. Марафон доирасида қуйидаги йўналишларда беллашувлар бўлиб ўтади:

Эркаклар ва аёллар ўртасида марафон – 42 км 195 метр
Эркаклар ва аёллар учун ярим марафон – 21 км 097,5 метр
Эркаклар ва аёллар ўртасида югуриш – 3 км
Эркаклар ва аёллар ўртасида марафон масофаси учун экиден – 42 км, 195 метр ( 5 км + 10 км + 5 км + 10 км + 5 км + 7,195 км)

Шундан сўнг журналистлар марафон ва терма жамоамизнинг Олимпиадага олиб бораётган тайёргарлиги юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди. Асосий саволлар Ўзбекистон енгил атлетика федерациясига йўллангани учун уларга Андрей Абдувалиев жавоб берди.

“Бўлажак мусобақа биз учун катта аҳамиятга эга. Халқаро экспертлар келиб, трассани тасдиқлашди. Терма жамоамиз вакиллари ҳам ҳозирда катта тайёргарлик олиб боришмоқда. Ушбу марафон орқали 3 нафаргача бўлган вакилларимиз Олимпиада нормативини бажариши кутилмоқда. Токио Олимпиадасига эса енгил атлетика бўйича умумий 9 тагача лицензия олишни режа қилганмиз. III Наврўз марафонида 2000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда”, – деди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси.

Мусобақа 28 март куни эрталаб соат 08:00 да старт олади. Шу боис трассада кўрсатиб ўтилган шаҳримизнинг бир қатор кўчаларида қатнов соат 06:30 дан бошлаб тўхтатилади. Пойтахт аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида мусобақанинг сўнгги иштирокчиси босиб ўтган йўлга қараб ёпилган кўчалар бирин-кетин очиб юборилади.

Марафонда иштирок этишни хоҳлаган кўнгиллилар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин: www.uzmarathon.uz