Skip to main content
Yangiliklar

Терма жамоаларимизни қўллаб-қувватлаш учун «Ўзбекистон фидойи ёшлари» клуби ташкил этилади

By 10.02.2021No Comments

Спортчини ғалабага етаклашда юқори тайёргарликдан ташқари мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорликда катта дастурга қўл уришди. Бугун Агентлик конференция залида бўлиб ўтган тадбирда ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. “Спортчи ва ёшлар билан учрашув” номи остида кечган тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Сарвар Ашуров, юртимизнинг таниқли спортчилари ва фаол ёшлар, ОАВ иштирок этишди.

Тадбир аввалида ҳар икки ташкилот раҳбарияти ўзаро ҳамкорлик алоқалари борасида фикрларини билдириб ўтишди.

Бугун Ўзбекистон ёшларини яна бир эзгу ғоя остида бирлаштирадиган тадбирда жам бўлиб турибмиз. Агентлик билан ҳамкорлигимиз юртимизда ёшларни спортга янада кенг жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бу Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Келажакда Ёшлар ишлари агентлари билан бу каби лойиҳаларни янада кенгайтирамиз”, – деди Ойбек Касимов.

Шундан сўнг ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, терма жамоаларимизни қўллаб-қувватлаш учун «Ўзбекистон фидойи ёшлари» жамоаси тузилиб, ҳар бир спорт турида мухлислар фан-клубини очиш, бу орқали ёшларни спортга янада кенг жалб қилиш кўзда тутилган. Тадбирда бугунги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон спорт мухлислари етакчиси Абдураҳмон Фозилов ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Авваллари, мусобақаларга киришда, мухлисларни йиғишда катта қийинчиликларга дуч келардик. Бизнинг фаолиятимизга у қадар катта эътибор бўлмаган. Очиғи, Ўзбекистоннинг фидойи ёшлари билан бир эзгу мақсад остида бирлашиш биз мухлислар учун катта бахт. Биз бу орқали ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, атлетларимизга беллашувлар пайти мотивация бериш учун бор кучимизни ишга соламиз”, – Абдураҳмон Фозилов.

Шунингдек, учрашув давомида спортчиларимиз ҳам сўз олиб, бундай мухлислар клубининг очилиши беллашувлар пайтида уларга янада куч бериши, ғалабага бўлган ишончнинг янада ортишига турки бўлишини таъкидлаб, бунинг учун ушбу ғоя ташаббускорларига, уни қўллаб-қувватлаётган ҳукуматимизга ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтишди. Давра суҳбати давомида иштирокчилар таниқли спортчиларимиздан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.