Skip to main content
Yangiliklar

Таэквондочиларимиз учун ADAMS тизимида ишлаш бўйича семинар ўтказилди

By 26.02.2021No Comments

Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Халқаро антидопинг агентлиги томонидан йўлга қўйилган ADAMS тизимида ишлашни янада пухта йўлга қўйиш бўйича ўтказилган йиғилишда МОҚ раиси томонидан спортчиларимиз учун бу борада алоҳида семинарлар ташкил қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Бугун ушбу топшириққа асосан Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида спортчиларимиз учун ана шундай тадбир ташкил қилинди.

Семинарни Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг мазкур йўналиш бўйича малакали мутахассиси Нигора Азаматова олиб борди. Унда спортчиларимиздан Токио-2020 Олимпиада лицензиати Никита Рафалович, шунингдек, лицензион мусобақага тайёрланаётган Дмитрий Шокин, Нигора Турсунқулова, Светлана Осипова каби спортчиларимиз, МОҚ ҳамда ассоциация мутасаддилари иштирок этишди. Тадбирда Нигора Азаматова ушбу тизимнинг ишлаш механизми, ўзига хос жиҳатлари, талаблари ҳақида батафсил гапириб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, яқин вақт ичида бундай семинарлар Олимпия ўйинларига тайёрланаётган барча жамоаларимизда олиб борилади.