Skip to main content
Yangiliklar

Республикамизнинг фидойи спорт фахрийлари МОҚда жам бўлишди

By 09.02.2021No Comments

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ташаббуси билан юртимиз спорт фахрийларини бир мақсад остида жамлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бугун МОҚ мажлислар залида ўзбек спорти фахрийлари учун яна бир аҳамиятли учрашув бўлиб ўтди. Бу галги тадбирнинг бошқаларидан фарқи шундаки, шу пайтгача асосан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги фахрийларимиз билан учрашувлар ташкил қилинган бўлса, бу сафар Республикамизнинг барча вилоятларидан ўзбек спорти фахрийлари жам бўлишди. Йиғилиш аввалида фахрийларимизнинг спортимиз ривожида тутган ўрни, аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Бош котиб Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Касаба уюшмалари спорт бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиев, Ўзбекистон футбол фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқов ва бир қатор спорт фидойилари иштирок этишди.

Тадбирни Баҳодир Махситов очиб берди.

“Барчангизга қимматли вақтингизни аямай ушбу йиғилишга ташриф буюрганингиз учун ташаккур айтиб қоламиз. Бугун вилоятлардаги спорт фахрийлари билан бир қатор долзарб масалалар бўйича фикр алмашамиз. Спорт фахрийси унвонини тақдим қилар эканмиз, номзодларимиз бунга муносиб бўлишлари керак. Фахрийларимизнинг жамиятимиздаги роли ўзларининг бой тажрибаси билан ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, спорт тадбирларида фаол иштирок этиш, ёшларимиз билан турли учрашувлар ташкил этишдир”, – деди фахрийлар кенгаши раиси.

Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмонов ҳам мазкур учрашувнинг аҳамияти ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

“Бугун ушбу Спорт уйига жуда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар ташриф буюришди. Баҳодир Махситович таъкидлаб ўтганларидек, вазифамиз ёшларимиз онгига маънавият ва соғлом турмуш тарғиботини сингдиришдан иборат. Бу борада муҳтарам Президентимиз ҳам сўнгги маърузаларида алоҳида тўхталиб ўтмоқдалар. Ҳозир бутун Республикамиз бўйлаб “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида Республика оммавий спорт мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Сизлардан ушбу тадбирларда фаол иштирок этишингизни, бу каби уларда бош ғоямизни тарғиб қилишингизни сўраб қоламиз”, – деди МОҚ раиси.

Шунингдек, йиғилиш давомида Баҳодир Тожиев ва бошқа бир қатор спорт фахрийлари бугунги учрашув юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Иштирокчилар ҳар бир вилоят ва туман кесимида спорт фахрийлари рўйхатини шакллантириб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш, ўтказиладиган тадбирларга уларни янада кенг жалб қилиш бўйича хулосага келишди.

Тадбир якунида Ойбек Касимов ва Баҳодир Махситов бир қатор фахрийларимизга эсдалик совғаларини тақдим қилишди.