Skip to main content
Yangiliklar

Диетологлар ва ADAMS тизими билан ишлаш фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

By 18.02.2021No Comments

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг мажлислар залида терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган диетологлар фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) директори Абдушукур Садиков, Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов, МОҚ мутасаддилари, шунингдек, спорт федерация ва ассоциациялар бош котиблари, терма жамоалар шифокорлари ва диетологлари иштирок этишди. Йиғилишда Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрланаётган спортчиларимиз учун бериладиган овқатлар рационини кўздан кечириш, ортиқча вазн муаммолари ва уларни бартараф этиш, ADAMS тизимида атлетларнинг маълумотини янгилаш жараёнида кузатилаётган муаммолар ва уларни олдини олиш чоралари кўриб чиқилди. Тадбир давомида ҳар бир йўналиш бўйича соҳа мутахассислари атрофлича тушунтириш бериб ўтдилар.

Ўз навбатида Шерзод Ташматов мазкур йўналишларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Ортиқча вазн асосан яккакураш спорт турларида катта муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Бу эса кўзланган режага салбий таъсир қилади, албатта. Шунинг учун энди мазкур йўналишни жиддий назорат қиламиз. Биз барча федерацияларга ёрдам бериш ниятидамиз. Ҳукуматимиз бизни шунчалик қўллаб-қувватлаётган экан, биз бунга юқори натижалар билан жавоб беришимиз лозим”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.

Йиғилишда Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларимиз вазнини назорат қилиш бўйича бўйича МОҚ ва РСТИАМ ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиши таъкидланди. Федерация масъул вакиллари эса атлетларнинг шахсий вазни ҳақидаги маълумотларни кунлик ҳисобот тарзида жўнатиб туради.

Шунингдек, ADAMS тизимида ишлаш, спортчиларимиз ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тизимга киритиб бориш йиғилишнинг алоҳида мавзусига айланди. Миллий антидопинг агентлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, жорий йил 1 нафар дзюдо, 1 нафар бокс ва 3 нафар спорт курашлари бўйича терма жамоамиз вакилларида мазкур тизим қоидасининг бузилиши билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Агар шундай ҳолат ушбу спортчиларда яна 2 бор такрорланса, улар 2 йилга катта спортдан четлатилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шерзод Ташматов ҳар бир федерацияга мазкур йўналиш бўйича бош котиб бошчилигида масъул ходимлар бириктириш, спортчиларимизнинг ўзларига ушбу тизим билан кўпроқ ишлашни ўргатиш бўйича тегишли топшириқлар бериб ўтди.