Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда истеъдодли шахматчиларимиз ўртасида юзага келган муаммоли вазият юзасидан расмий баёнот

By 16.01.2021No Comments

Сўнгги вақтларда турли ижтимоий тармоқлар ва кўплаб оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик иқтидорли шахматчилар билан мамлакат шахмат федерацияси ўртасида юзага келаётган муаммоли ҳолат юзасидан бир қатор янгиликлар эълон қилинди.

Жумладан, ўзбекистонлик энг иқтидорли шахматчи қизлардан бўлмиш Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2020 йилдан бошлаб халқаро мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этишга қарор қилганлиги, ўз навбатида дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоровнинг daryo.uz сайтида Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан шахматчиларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармаса, ўз федерациясини алмаштириши мумкинлиги ҳақида берган интервьюси ҳам жуда кўплаб юртдошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи саналади. Шу сабабли Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга бефарқ қараб турмаймиз.

Шу мақсадда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашди. Унда Гулруҳбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон Ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, ёш ва умидли шахматчимиз Ж.Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тингланди. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилди.

Таъкидлаш керак, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар Ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати