Skip to main content
Yangiliklar

Токио Олимпиадасига тайёрланиш бўйича Ўсимлик моддалари кимёси институтида йиғилиш ўтказилди

By 22.01.2021No Comments

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёрланиш бўйича қатор дастурлар ишлаб чиқмоқда. Тайёргарлик доирасида ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратиш талаб қилинади. Замонавий спорт ютуқларида тиббиёт ва фармацевтиканинг ўрни жуда катта. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов пойтахтимиздаги Ўсимлик моддалари кимёси институтида ушбу мавзуда йиғилиш ўтказди. Унда Институтнинг етакчи профессор ва олимлари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти ҳамда шифокорлари, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Йиғилишда МОҚ раиси йирик спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёрланишда мазкур соҳанинг нақадар аҳамиятли эканига тўхталиб ўтди.

Шубҳасиз, спорт тиббиёти ва фармакологияси ҳозир ҳар қачонгидан муҳим йўналишга айланиб улгурган. Бир қатор спорт турларида атлетларимизнинг тикланиш даврида муаммолар борлигини барчамиз биламиз. Бу борада Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланмаган, керакли қўшимча биологик озуқалардан тўғри фойдаланиш катта ютуқдир. Биз доим шифокорларимиздан бунга жиддий эътибор қаратишларини, спортчиларимиз топширган допинг таҳлиллари ижобий чиқиб, мамлакатимиз шаънига доғ туширмасликларини сўраб келганмиз. Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг бу йўналишдаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Ушбу федерация биринчи бўлиб мамлакат чемпионатларида спортчилардан допинг таҳлилларини олишни сўраб, шундай ташаббус билан чиқишди. Биз эса буни бажонидил деб қўллаб-қувватладик”, – деди МОҚ раиси.

Суҳбат давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, шунингдек, соҳа олимлари мавжуд муаммо ва камчиликлар, қилинадиган режалар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдиришди. Йиғилишда Институт билан ҳамкорликда спортчилар учун фойдали, WADA тақиқламаган қўшимча биологик озуқаларни ишлаб чиқариш, уларни синовдан ўтказиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш, бунинг учун малакали олимларни жалб қилиш бўйича режалар белгилаб олинди. Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмонов Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ бу борадаги ҳамкорликдан мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Ташриф давомида МОҚ раиси Институт лабараториясида ҳам бўлиб, у ерда дори воситаларини тайёрланиш жараёни билан яқиндан танишди.