Skip to main content
Yangiliklar

“Спортни сев, спорт билан яша!” лойиҳасига ЎзЛиДеП ҳам қўшилди

By 18.01.2021No Comments

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ 6099-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра, партиянинг барча ҳудудий кенгашлари Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда аҳолини соғлом турмуш тарзи, спортга жалб қилиш мақсадида жойларда турли оммавий спорт мусобақаларини ташкил этмоқда.

Ана шундай тадбирлар Сурхондарё вилоятининг Денов, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманларида ўтказилди. Деновда ташкил қилинган мусобақа баскетбол бўйича бўлиб ўтди. Унда деновлик эпчил ва чаққон қизлар туман биринчилиги учун беллашишди. Шаҳрисабзда эса 2006-2009 йилларда туғилган ўқувчи ёшлар самбо бўйича беллашишди. Мусобақада тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ва умумтаълим мактабларининг спортчи ёшлари ўзаро баҳс олиб боришди. Қизиқарли кечган беллашувларда ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари Актам Хаитов иштирок этди ва ёш спортчиларга ўзининг илиқ тилакларини билдириб ўтди.

“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилган мусобақалар қизғин баҳсларга бой бўлди. Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ҳамда дипломлари билан тақдирланишди.