Skip to main content
Yangiliklar

“Спортни сев, спорт билан яша!”: Баъзи мусобақаларнинг суст ўтказилаётгани танқидий муҳокама қилинди

By 23.01.2021No Comments

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099 фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида Республика оммавий спорт мусобақаси ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Очиғини айтиш керак, ушбу мусобақани ташкил қилиш борасида бир қатор муаммолар ҳам юзага келмоқда. Бугун Вазирлик ҳамда МОҚ раҳбарияти иштирокида беллашувларни ташкил қилишда юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш мавзусида онлайн селектор ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, шунингдек, ҳар икки ташкилотнинг ҳудудий бўлим бошқармалари ва вакиллари, ЎзЛиДеПнинг ёшлар билан ишлаш бўлими вакиллари иштирок этишди.

Селектор танқидий руҳда ўтиб, унда муаммо ва камчиликлар ўртада муҳокама қилинди.

Ортда қолган ҳафта давомида ўзимиз вилоятларга сафар уюштириб, у ерлардаги вазият билан яқиндан танишиб келдик. Тўғри, ҳамма ҳам ишламоқда. Лекин жараён кўнгилдагидек кетмаяпти. Бу лойиҳа МОҚ ёки Вазирликдан чиққан ташаббус эмас. Бу шахсан Президентимизнинг топшириғи асосида йўлга қўйилган мусобақа. Ким бунда масъулиятга жиддий қарамаса, унга белгиланган тартибда жазо берилади. Агар ташкилотчиликда муаммо бўлаётган бўлса, уни беркитиб турмасдан бизга етказинглар. Баъзи жойларда берилган график бўйича иш олиб борилмаяпти. Ўзбошимчалик билан мусобақа куни ва вақти ўзгариб қолмоқда. Шу мусобақа ташкилотчилигини маҳкам ушлаб, уни чиройли қилиб ўтказайлик. Шубҳасиз, бу юртимизда спорт тарғиботини янада жонлантириш борасидаги катта қадам бўлади”, – деди Шерзод Ташматов.

Йиғилиш давомида Аваз Каримов ўз ҳудудларида фаолияти қониқарсиз деб топилаётган вилоят мутасаддиларига тегишли огоҳлантириш ва жиддий эътирозлар билдирди. Шунингдек, беллашувларни ёритиш борасидаги камчиликлар бўйича ҳам алоҳида тўхталиб, вилоят ОАВ билан ҳамкорликда ишлаш бўйича кўрсатма берилди. Таъкидлаш жоиз, селекторда Президентимиз топшириғига кўра ўтказилаётган мусобақаларнинг нафаси бутун Республикамизни қамраб олиши, бу орқали аҳолининг катта қисмини спортга жалб қилиш бош ғоя экани яна бир бор алоҳида эслатиб ўтилди.